Музей ташрифчилари “Ламборжини”га чизиб ташлади

Музей ташрифчилари “Ламборжини”га чизиб ташлади

Нега меҳмонлар музей экспонатига зиён келтирди? Чунки буни мутасаддиларнинг ўзи таклиф қилди.

Даниялик рассом Долк Лундгрен музейга ташриф буюрувчиларга ғалати таклиф берди. Меҳмонлар Lamborghini экспонатига тегиши ва сиртига истаган нарсани қириб ёзишига рухсат берилди. Шундай қилиб 170 минг доллар турадиган суперкар қаровсиз девор аҳволига келди.

Ташрифчилар бор ғайратини ишга солиб, суперкарнинг кузови, қанотлари ва ҳатто, дискигача бежаб ташлади. Кимдир исмини ёзди, яна кимдир юракча шаклини туширди, бошқа бири суперкарга чехларнинг Skoda бренди номини қириб ёзиб қўйди. Кўргазмадан мақсад инсоннинг ҳар қандай хатти-ҳаракати ўзи мансуб бўлган жамиятда из қолдиришини кўрсатиш экан. Ҳар қандай, ҳаттоки, арзимас ҳаракат ҳам умумий манзарага таъсир қилади.

Рассом Лундгрен суперкарни қайта бўяб чиқмоқчи эмас. Энди экспонат қиёмига етди ва унга биров тегиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз: Lamborghini Gallardo вазни енгиллаштирилган автомобиллар турига мансуб (1400 кг). Двигатели қуввати беш юз от кучига тенг, соатига 300 км тезликда ҳаракатлана олади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"