Наманган ва Навоийда мотоцикл ишлаб чиқарувчи заводлар қурилади

Наманган ва Навоийда мотоцикл ишлаб чиқарувчи заводлар қурилади

Мамлакат автомобиль саноатини диверсификациялаш доирасида мотоцикл ишлаб чиқарувчи заводлар қуриш бўйича иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Sputnik сайти маълум қилди.

 “Ўзавтосаноат” раҳбари Умиджон Салимовнинг айтишича, Наманган вилоятида Хитойнинг Lifan компанияси билан ҳамкорликда корхона бунёд этилади. У скутер, мотоцикл ва юк ташувчи уч ғилдиракли мотороллерлар ишлаб чиқаради. Ушбу техника бизнинг автосаноатда янгиликдир. Корхона Норин механика заводи негизида йилнинг охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Салимов, шунингдек, автосаноатда аввалгидек хатоликлар қайтарилмаслиги ва рақобатни ривожлантиришга ҳаракат қилинишини айтди. Айнан шунинг учун ҳам “Ўзавтосаноат” Ҳиндистоннинг Bajaj ширкати билан яна бир лойиҳани ишга туширмоқчи.

“Навоийда Ҳиндистон бозорининг етакчиларидан бири Bajaj билан ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ўрганиб чиқмоқдамиз. Биз улар билан ҳам мотоцикл техникаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича музокара олиб бормоқдамиз”, деди Салимов.

Эслатиб ўтамиз: ўтган йилнинг охирида “Ўзавтосаноат” ва Жанубий Кореянинг DK Group компанияси мотоцикл ва уч ғилдиракли юк мотороллерлари ишлаб чиқариш бўйича битим имзолаган эди.

Lifan Хитойнинг енгил автомобиль, автобус, мотоцикл, скутер, квадроцикл ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компанияларидан бири. Унинг қароргоҳи Чунцин шаҳрида жойлашган бўлиб, компанияда жами 13 мингдан зиёд ишчи-ходим хизмат қилади.

Bajaj Ҳиндистоннинг улкан компанияларидан бўлиб, асосан, мотоцикл ва тижорий транспорт ишлаб чиқаради. Икки ва уч ғилдиракли транспорт воситаси ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Ҳинд бренди Лотин Америкаси, Африка, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Европада машҳурдир.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"