Нақд пулсиз автобуслар: йўл ҳақи тўлови махсус йўл карточкалари ёрдамида амалга оширилади

Нақд пулсиз автобуслар: йўл ҳақи тўлови махсус йўл карточкалари ёрдамида амалга оширилади

Автобус паркларини модернизация қилиш ва янгилаш лойиҳаларини молиялаштиришга оид маблағлардан оқилона фойдаланиш мақсадида 2017-2020 йилларда “Ўзавтосаноат-лизинг” масъулияти чекланган жамиятининг бошланғич капиталини ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда ЎзА маълумотига асосланиб, Kun.uz хабар бермоқда.

Лизинг компаниялари ҳамда автомобилларда йўловчи ташувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни 2022 йилнинг 1 январига қадар қатор мажбурий тўловлардан озод этиш таклиф қилинмоқда. Хусусан, қишлоқ жойларида автобус ва микроавтобусда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар беш йил мобайнида йўловчи ташувчилар учун белгиланган ягона солиқ тўловидан озод этилади.

Тасдиқланган дастурда автовокзал ва автостанцияларни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган. 37 янги автостанция барпо этиш ва 37 мавжуд автостанцияни реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш имконини беради.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги зиммасига йўловчи ташувчилар ишини мувофиқлаштириш, сифатли ва хавфсиз ташишни таъминлаш учун қулай шароитлар яратишни кўзда тутадиган, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобиль йўловчи ташиш йўналишларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берадиган намунали шартномалар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юклатилган.

Айни пайтда агентлик томонидан йўналишларни мониторинг қилиш бўйича янги марказлашган тизим ишлаб чиқилмоқда. Умумий фойдаланишдаги ҳар бир автобус ва микроавтобусга GPS-навигатор ўрнатилади. Бу қурилмалар ҳаракатланаётган транспорт воситаси ҳаракатининг вақти, тезлиги ва йўналишига оид маълумотларни реал вақт режимида қайд этади. Автомобилларда йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия ҳамда йўловчи автомобиль йўналишларига хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома талаблари қай даражада бажарилаётганини тизимли назорат қилиш имконини беради. Йўл ҳақи тўловини нақд пулсиз амалга ошириш тизими ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Бунинг учун махсус йўл карточкалари харид қилиш кифоя. Бу каби янгиликлар йўловчи ташиш сифатини назорат қилиш, ҳайдовчиларнинг йўловчилар ҳуқуқлари ва ўрнатилган тарифларга риоя этишини таъминлаш, маълум тоифадаги йўловчиларнинг транспорт хизматларидан бепул фойдаланишини кафолатлашга хизмат қилади.

Ишлаб чиқиладиган янги йўналишлар учун сўнгги бекатлар барпо этиш кўзда тутилган, ҳозир уларнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Ушбу бекатлар енгил конструкциялар ва арзон материаллардан барча қурилиш стандартларига риоя этилган ҳолда қурилади. Шунингдек, барча вилоятларда йўналишнинг иш тартиби, транспорт ҳаракати йўналишлари, унинг бекатга етиб келиш вақти кўрсатилган электрон ахборот тахталари ўрнатилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.