Навигаторсиз йўл топишда адашмаслик учун маслаҳатлар

Навигаторсиз йўл топишда адашмаслик учун маслаҳатлар

Кимсасиз жойда адашиб қолдингиз. Излар ҳар тарафга кетган, навигаторингиз эса йўқ. Нима қиласиз?

  1. Юлдузларга қараб йўналишни аниқлаш

Агар осмон булутли бўлмаса, тунда юлдузга қараб йўл топиш мумкин. Бунинг учун шимолий яримшардаги Қутб юлдузини топиш керак. Қутб юлдузи йилнинг исталган фаслида шимолни кўрсатиб туради. Хўш, Қутб юлдузини қандай топамиз? Бунинг учун Катта Айиқ юлдузлар туркуми керак бўлади. Сиз уни биласиз – чўмич шаклидаги еттита ёрқин юлдуздан (чўмич 4, сопи эса 3 юлдуз) иборат. Катта Айиқнинг устида эса Кичик Айиқ туркуми жойлашади. Кичик Айиқ туркумининг сопи четидаги юлдуз биз қидирган Қутб юлдузидир. Биз бунга ишонч ҳосил қилиш учун “катта чўмич” идишининг четки деворидан юқориси тарафга қараб хаёлан тўғри чизиқ ўтказамиз. Сўнг бу тўғри чизиқни тенг бешга бўлсак, энг охиридаги нуқтада Қутб юлдузи жойлашади. Сиз Қутб юлдузига юзланганингизда қаршингиз – шимол, ўнг томонингиз – шарқ, чап томонингиз – ғарб, орқа томонингиз – жануб бўлади.

Янада аниқликка эришиш учун ҳар 20 дақиқада Қутб юлдузи йўналишини солиштириб туриш лозим.

  1. Қуёш ва соатга қараб йўналишни аниқлаш

Баҳор ва кузда Қуёш шарқдан чиқиб, ғарбга ботади. Ёзда эса шимоли-шарқдан чиқиб, шимоли-ғарбга ботади. Тик жойлаштирилган нарсанинг энг қисқа сояси соат 13ларда кузатилади ва унинг йўналиши шимолни кўрсатади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, эрталаб соат 7ларда (апрель, август, сентябрь, октябрь ойлари), 9да (май, июнь, июль) қуёш шарқда бўлади; соат 13да (январь, апрель, август, сентябрь, октябрь), 14да (май, июнь, июль), 19да (апрель-октябрь) ғарбда бўлади.

Мўлжални аниқ олиш учун циферблатли механик қўл соатларидан фойдаланиш лозим. Соат милини Қуёшга қаратиб горизонтал ҳолатда жойлаштириш керак. Циферблат марказидан соат мили кўрсатган нуқтага (яъни Қуёшга йўналган) қарата тўғри чизиқ ўтказамиз. Сўнг циферблатдаги “1” (1:00/13:00) сонининг йўналишида тўғри чизиқ тортамиз. Энди марказдан радиал равишда йўналган икки чизиқнинг қоқ ўртасидан чизиқ тортамиз, бошқача айтганда бурчакни тенг иккига бўламиз. Мана шу чизиқ жануб тарафни кўрсатади. Мос равишда унинг қаршиси шимол бўлади. Сиз шимолга қараб турсангиз, чапингизда ғарб, ўнгингизда шарқ жойлашади.

Соатим электрон дейсизми? Буни ҳам иложи бор, сиздан қоғоз-қалам ва соатни чиза олиш маҳорати талаб этилади холос.

  1. Ойга қараб йўналишни аниқлаш

Бордию юлдузлар кўринмас, Оймомо эса равшан бўлса, Ойнинг турли фазалари ва вақтлардаги жойини билган ҳолда горизонт йўналишини тахминан аниқлаш мумкин. Расм ва жадвалга қаранг.

Ой фазалари Мўлжал олиш вақти
19.00 1.00 7.00
Ой қайси томонда?
Биринчи чорак
Жанубда Ғарбда Кўринмаяпти
Тўлин ой Шарқда Жанубда Ғарбда
Охирги чорак Кўринмаяпти Шарқда Жанубда

  1. Тупроққа, дарахтларга, ўсимликларга ва чумолиларнинг инига қараб йўл топиш

Тупроқ ва ўсимликлар

Тепаликларга разм солинг. Қишда унинг жанубий тарафидаги қор биринчи эрийди. Баҳор келганда айнан жанубий томонидаги ўтлар авж олиб ўсади. Ёзда ҳам шундай: жанубий тарафдаги ўсимликлар қуруқроқ бўлади. Кузда шимолий томонидаги ўсимликлар узоқроқ сақланиб қолади. Тўнканинг ёнида ўсувчи ўт-ўлан ва дарахт ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин – жанубий томони қуюқроқ ўсади.

Дарахт ва лишайниклар

Шимолий яримшарда қуёш дарахтларга жануб тарафдан нур сочади, шунинг учун жанубга тарвақайлаган шохлари ва барглари қуюқроқ ўсади. Томирига қараб ҳам дунё томонини аниқласа бўлади: жануб тарафдагиси оқиш рангда, эмин-эркин ўсса, шимол томондагиси қўполроқ ва қорамтир ўсади. Нинабаргли дарахтларнинг шарбати жанубга сизади, танасининг шимолий қисми эса ёмғирдан кейин қорайиб қолади. Тоғларнинг жанубий ёнбағрида эман ўсади. Далаларда кунгабоқар юзини ҳамиша қуёшга қаратиб, шимолга тескари ўсади. Қишда дарахтга ёққан қорга диққат қилинг: шимол томондагиси уқаланувчан бўлса, жанубдагисининг сиртида қаттиқ қобиқ юзага келади, чунки унга қуёш нури тушади. Йўсинлар (мох) ва лишайниклар намлик ва сояни ёқтиради, шунинг учун дарахт, тўнка ва тошларнинг шимолий тарафида ўсади. Йўсин намроқ бўлади. Қўзиқоринлар ҳам худди шундай — дарахт, бута ёки тўнканинг қайси томонида ўсган бўлса, ўша ёқ шимолдир.

Чумоли уяси

Чумоли инига сер солганмисиз? Кўпинча, улар дарахт, тўнка ва тошларнинг жанубий томонига уй “қуради”. Агар чумолининг якка уйини кўрсангиз, шаклига диққат қаратинг – жанубий томони қияроқ бўлади.

Аммо ўт-ўланлар қуюқ ўсган жойда юқоридаги усуллар фойда бермайди. Ўрмон ёки майсазорнинг четида, сўқмоқда туриб ёки якка дарахтга қараб горизонтни кузатган афзалроқ.

Эсда тутингки, дунё томонларини аниқлаш учун кўп усуллар комплекс қўлланса, натижа аниқроқ бўлади. Видеолавҳалар чет тилида эканлиги учун узр сўраймиз. Зотан маслаҳатларимиз мураккаб эмас.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"