Нега тўйхона ва истироҳат боғи атрофида авто тураргоҳларни қуришмайди?

Нега тўйхона ва истироҳат боғи атрофида авто тураргоҳларни қуришмайди?

Тўйга хабар қилиш учун таклифнома тутқазишганида кўнглимдан «борганим бўлсин, аммо машинамни қаерга қўяман», деган ўй ўтади. Бир менми десам, бошқаларни ҳам шу муаммо ташвишлантирар экан.

– Яқинда бир оғайним тўй қилди, – дейди танишларимдан бири. – Тўйхонага гап йўқ, чиройли ва ҳашаматли. Бироқ машина қўйишга жой йўқ. Бори ҳам беш-ўнта улов билан тўлиб қолган. Жой ахтариб, анча овора бўлдим.

– Буниси ҳали ҳолва экан, – дейди иккинчи укамиз. – Машинамни ноиложликдан қатнов тиғизроқ жойга қўйгандим. Чиқсам у йўқ. Эвакуаторда олиб кетишибди. Тўй ҳам татимади.

Бундай «ҳангома»лар шаҳар ва қишлоқларимизда фаолият кўрсатаётган деярли барча тўйхоналарда учраб турибди. Сабаби аён – уч юз, беш юз, ҳатто минг киши сиғадиган ҳашамдор базмхоналар олдида автоулов қўядиган тўхташ жойлари йўқ. Масалан, Самарқанд шаҳрида жойлашган исталган тўйхонага борсангиз автомашиналарнинг кўплигидан ақлингиз шошади. Аммо бу машиналар сиғмасдан серқатнов кўчаларни банд қилиб ҳаракат хавфсизлигига жиддий таъсир қилаётганлиги ҳеч кимни қизиқтирмайди. Тор жойда томоша деганларидек, айқаш-уйқаш тарзда қўйилган машиналарни «тўдадан» олиб чиқиш ундан-да мураккаблик туғдирмоқда.

Хўш, бунга ким айбдор? Тўйхоналар соҳибларими ёхуд қурувчилар? Бу рўйхатга ҳеч иккиланмасдан қурилишга жой ажратадиган маҳкамалар, уларни тасдиқловчи ҳокимликлардаги масъуллар, архитектура идоралари вакилларини бемалол киритиш мумкин.

Бирор бино ва иншоот қурилишининг ўз қонун-қоидалари бор. Ҳар бир деталь инобатга олиниши зарур. Айниқса, кейинги пайтларда замонавий архитектура асосида бунёд этилаётган ҳар бир қурилиш ишида бу муҳим аҳамият касб этиши зарур. Инчинун, бинонинг жойлашуви, йўли, релефи, дезайни, шаҳарсозлик ландшафти, ҳатто автомашиналар тўхтайдиган жойлари ҳам. Кузатишимизча, мутасадди идоралар мутахассислари тўйхоналаримиз тархини чизаётганларида айнан шунга «қизғанчиқлик» қилаётгандек. Ваҳоланки, тўйхона, бошқа йирик иншоотлар олдида автомашиналар тўхтайдиган (парковка) жойлар бўлиши шарт. Бу маданиятимизнинг, қолаверса аҳолига хизмат кўрсатишнинг замонавий усулларидан бири. Тўйхоналар соҳиблари ҳам бунга эътибор берсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг шаҳар ва туман марказларидаги истироҳат ҳамда дам олиш боғлари атрофларида ҳам автомашиналар тўхташ жойлари йўқлиги кишида ташвиш уйғотади. Оқибатда, боққа келиб-кетувчилар ўз автомашиналарини исталган жойга қўйишга мажбур бўлмоқда.

Давр ўзгармоқда. Шунга мос жамият ҳам. Янги-янги замонавий бино ва иншоотлар қад ростламоқда. Бугунги кунни кечагиси билан таққослаб бўлмайди. Эртанги кунимиз эса янада нурафшондир. Демак, фаровонликни таъминлаш, хизмат маданиятини янада ошириш мақсадимиз экан, «кўзга кўринмай» келаётган автомобиллар тўхташ жойларини ҳам замонавий усулда барпо этишга эътибор қаратишни унутмаслигимиз зарур.

Адҳам ҲАЙИТОВ

Манба: Sof.uz

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.