Нега замонавий автомобиллар узоқ йўлга ярамайди?

Нега замонавий автомобиллар узоқ йўлга ярамайди?

Охирги ўн йил ичида автомобиллар техник жиҳатдан ўта такомиллашди. Ўн йил олдинги автомобиль билан бугунги авлод русумини солиштирса, от билан эшакдек фарқ қилади. Бу автомобилнинг барча жиҳатларига тегишли: хавфсизлиги, қулайлиги, тезлиги, техник ва электрон жиҳозлари, тежамкорлиги ва экологиклиги.

Бирор-бир автомобилнинг кечаги ва бугунги версияси орасидаги фарқни билиш учун EuroNCAP ёки IIHS тўқнашув тестларини кузатиш етарли. Аслида, талабларни ошираётганлиги ва энг юқори баҳо олишни тобора мураккаблаштираётганлиги учун биз бу ташкилотлардан миннатдор бўлмоғимиз керак. Автомобиль хавфсизлиги ривожланишида уларнинг ҳиссаси катта.

Тезлик масаласида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Ўйлаб кўринг – олди тортувчи замонавий хэтчбек ўн йил аввалги кучли ва қиммат спорткар билан бемалол мусобақалашади. Гап Mercedes-AMG SL65 Black Series автомобилини қувиб етган Volkswagen Golf GTI Clubsport S ҳақида кетаётганлигини сезгандирсиз.

Машинанинг бирор қисми тараққиётдан четда қолмаяпти. Қачонлардир олд ўриндиқлар иситилишидан суюнгандик. Бугун эса худди дирижёр каби қўл силташ орқали мусиқани ишга туширишимиз мумкин. Албатта, имо-ишора орқали бошқарилувчи мултимедиа тизимини назарда тутяпмиз.

Эволюция автомобиль ҳажмини катталаштирди. Аввалги машиналар мотор, ўриндиқ ва рулдан иборат бўлса, бугун унинг ичига хавфсизлик тизими, турли опционал қурилмалар жойлашиб олган. Мазкур лаш-лушлар салоннинг муайян жойини олади. Бунинг учун автомобилсозлар машина габаритини катталаштиришга мажбур.

Агар оддий европалик минадиган Golf автомобили авлодларининг ўлчамини солиштирсак, тобора “ўсаётганини” кўрамиз. Ғилдираклар базаси 237 ммга, узунлиги 55 ммга, кенглиги деярли 190 ммга ошди. Вазнига салкам ярим тонна қўшилди. Буларнинг барчасидан мақсад автомобилни хавфсизроқ ва мустаҳкамроқ қилиш, эгасига қулайлик яратиш учун  иқлим назоратчиси ва бошқа электрон гаджетлар ўрнатишдир.

Салонда жойнинг кенг-мўллиги дизайнер меҳнати натижасидир. Бугунги машиналарнинг аэродинамикасига шунчалик катта эътибор қаратилганидан, ҳатто, айрим ташқи пардоз элементлари ҳам жой сўрайди. Масалан, орқа диффузор юкхонанинг бир қисмини олиб қўяди.

Автомобиль узоқ йўлга ярамаслигининг яна бир жиддий сабаби бор. Бу шина тешилишидир. Дами чиққан баллон сафарнинг белига тепади. Кимдир “запас баллон-чи?” дейиши мумкин. Бироқ замонавий компаниялар машинасини эҳтиёт баллонсиз чиқараётганига нима дейсиз?

Агар кўпчилик ҳолатларда умуман иш бермайдиган энг оддий таъмирлаш асбоб-ускуналарини корхона машинага солиб қўйган бўлса – яхши. Баллонни алмаштириш оғир иш эмас. Гап шундаки, компаниялар нуқтаи назаридан қараганда эҳтиёт ғилдирагининг учта хусусияти уни кераксизга чиқаради: ортиқча вазн, ортиқча жой, қолаверса, чўлда шина тешилганда дами чиқарилган эҳтиёт баллондан фойда нима?

Қизиғи шундаки, узоққа қатнашга мўлжалланган иккита замонавий авторусумнинг шинаси тешилишининг умуман чораси кўрилмаган. Улар Porsche Panamera Sport Turismo ва Mercedes-AMG E63 S автомобилларидир. Бундай автомобиллар оз эмас.

2015 йилда АҚШда бозор ўрганилганда бир йилда автомобилларнинг 36 фоизи “запаска”сиз сотилгани маълум бўлди. 2006 йилда бу кўрсаткич 5 фоиздан ошмаганди. Афтидан, бундан буён баллони тешилган ҳайдовчи пулли сервислар ёрдамига кўз тикмасдан иложи йўқ.

Мавзу:

#шина

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"