Немис ҳайдовчиларини қатъий интизомга қандай ўргатишади?

Немис ҳайдовчиларини қатъий интизомга қандай ўргатишади?

Айримлар немис автобанларида тезлик чеклови йўқ, деб ишонади. Аммо бундай эмас. Охирги йилларда Германия трассаларида ҳам тезлик чекланмоқда.

Жарима, жарима ва яна жарима

Германияда, ишонаверинг, йўл белгисидан кўра жарима кўпроқ. Агар ҳайдовчи олдиндаги автомобиль тезлигининг ярмидан камроқ тезликда ҳаракатланаётган бўлса, жарима ундирилади. Агар бошқа автомобилни ўнг тарафдан қувиб ўтса, жарима. Чап ёқдаги полоса фақат қувиб ўтувчилар учун, биздагидек ҳамма чап полосада юришни севмайди. Шунинг учун чап полосада секин ҳаракатланаётган ҳайдовчига сигнал чалиб ва фарани ёқиб йўлни бўшатишга ишора бериш мумкин. Аммо ҳадеб фара ёқиб-ўчираверганга ҳам жарима бор.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Йўллар кесишган жойда, тоннеллар, таъмирланаётган жойлар ва кўприкларда тезлик чеклови назорат қилинади. Тормозни босишга улгурмадингизми – марҳамат қилиб жарима тўлайсиз. Автобанларда ҳаво ёмон бўлганда ва тунда айрим участкаларида тезлик чеклови амал қилади. Тавсия этилган тезлик соатига 130 кмга тенг.

Сабабсиз йўлда тўхтасангиз ҳам жарима тўлайсиз. Ёнилғи тугаганини ҳам баҳона бўлолмайди, чунки ҳар 30 кмда ёнилғи қуювчи шохобчалар бор. Ўз вақтида тўлдириб олмаганингиз ўз айбингиздир.

Германияда жарималар жуда катта. Албатта, бизнинг мезонимиз билан қараганда. Чунки немисларда энг кам маош 1,5 минг евродир.

Эсипаст эмасмисиз?

Бордию ҳайдовчи маст ҳолда рулга ўтирса, жарима билан бирга ҳайдовчилик гувоҳномасидан ҳам маҳрум бўлади ва қайтариб олиш учун тиббий-руҳий тест топширишга мажбурланади. Бу тестни немислар “эсипастлик текшируви” деб аташади.

Сиз тезликни 20 км/соатга оширдингиз. Жарима тўлайсиз. Яна оширсангиз, яна жарима. Учинчи мартасида эса жарима билан бирга “эсипастлик текшируви”дан ўтишга ҳам мажбур бўласиз. Ҳукумат биринчи марта тезлик оширилиши тасодифан бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Иккинчи жазо эса ўйлаб кўриш ва қайтармаслик учун имконият. Учинчи марта ҳам айни тартибни бузган ҳайдовчи, демак ақлан соғлом эмас.

“Эсипастлик тести” ҳайдовчи учун жуда ёқимсиз жараён бўлиб, аввалига руҳиятшунос билан 40 соат шуғулланилади. Руҳиятшунос автомобиль ҳайдаш йўл-йўриқлари, рулда ўзини тутиш ҳақида эринмасдан узундан-узоқ маъруза ўқийди. Ҳар бир машғулот 100 евро туради ва дарс охирида штамп қўйиб тестга йўллайди. Штамплар сони 40тага етганда тест топшириш мумкин. Бу шунчалик оғир машғулотки, немис ҳайдовчилари ўтдан қўрққандек қўрқади.

Иккинчи қоида бузмайман

Саволлар тахминан қуйидагича бўлади:

“Кўчада ичган ҳолатда турибсиз, ён-атрофингизда бир аёлни тўлғоқ тута бошлади. Ёрдам бермасангиз, ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Қандай хатти-ҳаракат қиласиз?”

  • Аёлни қутқариш учун рулга ўтираман.
  • Такси тўхтатаман.
  • Тез ёрдам чақираман.

Қайси жавобни танласангиз ҳам хато саналади. Тўғри жавоб шундай: “Бундай ҳолатни, ҳатто, тасаввур қилолмайман, ахир мен ичмайманку”.

Руҳиятшунос машғулотларини ўтамасдан тест топширишни қонун тақиқламайди, аммо кўриб турибсизки, имтиҳондан ўтиш эҳтимоли деярли йўқ.

Шунинг учун ҳам немислар чаккасига тўппонча тирасангиз ҳам ичиб машина бошқармайди ва қоида бузмайди.

svpressa.ru

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"