Немислардан маромига етказилган автомобиль
Яқинда ташкил топган немис компанияси Sono Motors GmbH тез кунларда Sion маркасидаги электрда ҳаракатланадиган компактвэнни намойиш қилмоқчи.
Ёш компания мижозга зарур бўладиган барча кўрсаткичларни ўз ичига оладиган маромига етказилган машинани тайёрлаш жараёнида. Биринчидан, автомобиль катта сиғимга эга бўлиши керак. Иккинчидан экологик тоза ва тикланувчи ёнилғидан фойдаланиши керак. Энг асосийси эса автомобилнинг нархи ҳамёнбоп бўлиши талаб этилади.
Янги автомобиль вагонли кузовга (катта сиғим) ва 3+3 формуласидаги посадкага эга бўлади. Энергия манбаи сифатида қуёш нурларидан фойдаланилади. Шунинг учун компактвэннинг томига жами 7,5 метр квадрат катталикдаги зарядлаш панеллари ўрнатилган. Бундан ташқари, тозаликни таъминлаш мақсадида салонда фильтр ҳам кўзда тутилган.
Электромобиль ҳаракати 3 та аккумулятор ёрдамида таъминланади. Стандарт модификация 120 км масофа босишга етадиган 14,4 кВт/ст қувватдаги батареяга эга бўлади. Иккинчи 30 кВт/ст қувватдаги батарея эса автомобилга 250 км йўл босишга имконият беради. Ва ниҳоят энг қиммат комплектацияга 50 кВт/ст қувватдаги батарея ўрнатилади. Топ-модификациянинг қанча масофа юришига аниқлик киритилмаган. Аммо у 1300 кг юк босадиган тиркамани торта олади. Томга ўрнатилган қуёш батареялари туфайли автомобилнинг кунлик масофаси 30 километрга ортади.
Барча версиялар 68 та от кучига электромотор ёрдамида ҳаракатланади. Барча функция ва созламалар панель марказидаги сенсорли экрандан бошқарилади.
Ниҳоят, нархга келадиган бўлсак, стандарт модификациядаги Sonos Sion 12 000 евро эвазига таклиф этилади. Электромобиль 2018 йилда сотувга чиқарилиши режалаштирилган.