Норвегия “Тесла”га солиқ солмоқчи

Норвегия “Тесла”га солиқ солмоқчи

АҚШда яқинда Model 3 номини олган янги электромобиль премьераси ўтказилди. Аммо норвегияликлар солиқ солиш учун уни кутишмоқда. Financial Times ёзишича, Норвегия ҳукумати “Тесла учун солиқ” деб аталаётган ўлпонни жорий қилмоқчи. Бу “оғир” электрокарлардан бир марта йиғиб олинадиган тўловдир.

Электромобиль деганда биринчи бўлиб “Тесла” маҳсулоти кўз олдингизга келади. Шубҳасиз, биринчи солиқ зарбасига вазни 2 тоннадан ошадиган Tesla Model S ва Model X дуч келади. Электрокарнинг техник кўрсаткичларига қараб 7 мингдан 70 минг норвег кронаси (900-9000 доллар) тўлов жорий этилиши мумкин.

Солиқ жорий этилиши тарафдорлари тутун чиқармайдиган машиналар жуда оғир бўлиб, йўл қопламасини едирилишини важ қилиб кўрсатади. Қарши тараф эса янги солиқ Норвегиянинг транспортни электрлаштириш бўйича фаоллигини йўққа чиқаришидан хавотирда. Бундан ташқари, давлат 2025 йилгача электрли транспортни ривожлантириш дастурини бажаролмай қолиши мумкин.

Шу билан бирга Норвегияда электромобилларни суймайдиганлар ҳам етарлича топилади. Ослонинг энг бой районларида қатновчи автобус ҳайдовчилари жамоат транспортининг полосасида имтиёзли электромобиллар тиқилиб кетганидан тажанг бўлмоқда.

Норвегияда электромобиллар савдоси гуллаб-яшнамоқда. Ўтган ойда сотилган барча янги автомобилларнинг 60 фоизи электрлидир. Албатта, давлатнинг солиқ, йиғим ва автотураргоҳ тўлови шаклидаги субсидиялари бунга сабабчидир.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"