Нью-Йорк такси саройлари Nissan минивэнлари билан тўлдирилади

Нью-Йорк такси саройлари Nissan минивэнлари билан тўлдирилади

Nissan NV200 минивэни Нью-Йорк шаҳрида сертификатлаштириш жараёнидан муваффақиятли ўтди ва шаҳарнинг расмий таксисига айланди. 1 сентябрдан бошлаб такси саройларининг эгалари эскирган машиналарни ё Nissan NV 200 билан, ёки бунгача маъмурият томонидан маъқулланган рўйхатдаги бошқа автомобиль билан алмаштириши керак.

Nissan NV200 эса шаҳарнинг «Эртанги кун таксиси» дастури асосий машинаси этиб танланди. Мазкур машинадан фойдаланиш 2011 йилдан бери бир неча бор кечиктирилган эди: такси саройлари Нью-Йорк маъмурларининг «Ниссан» минивэнини шаҳарда одам ташишга рухсат берилган ягона моделга айлантириш ҳақидаги қарори устидан судга шикоят қилганди. Оқибатда суд шаҳар дастурининг қонунийлигини тасдиқлади.

Нью-Йоркда такси сифатида фойдаланиш мумкин бўлган автомобиллар рўйхатига бунгача Lexus RX ва Toyota Highlander гибрид кроссоверлари, Toyota Prius гибрид хэтчбеки, шунингдек, бензинли двигателда ҳаракатланувчи Dadge Grand Caravan, Toyota Sienna ва Ford Transit Connect минивэнлари киритилган эди.

NV200’нинг капоти остида қуввати 131 от кучига тенг бензин двигатели жойлашган. Узатмалар қутиси — янги авлод Xtronic вариаторига мансуб. Автомобиль шаҳар ичида ҳар 100 километр учун 11,8 литр бензин сарфлайди.

Нью-Йоркда ҳозирнинг ўзида 800 га яқин NV200 такси сифатида ишламоқда. Шаҳарда жами 13,6 минг такси рўйхатга олинган. Шаҳар такси саройлари ҳар йили уч мингта эскирган автомобилларни алмаштиради. Келажакда NV200’нинг йўловчи ташиш бозоридаги улуши 80 фоизга етади — қолган 20 фоиз жисмоний имконияти чекланган йўловчилар учун салонни қайта жиҳозлаш мумкин бўлган гибрид моделлар ҳисобида қолади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.