Оддий автомобилни афзал кўрган беш миллиардер

Оддий автомобилни афзал кўрган беш миллиардер

Кўп пул топган одам ўзини ҳашаматга уради: сарой, қимматли кийим ва албатта, автомобиллар. Бордию, миллиардерга айланса-чи? О, унда қиммат машина эмас, жуда қиммат машина, яъни суперкар ва гиперкарлар ҳақида ўйлаш керак.

Шундай бўлса-да, миллиардлаб пули бўлатуриб камтарона автомобиль ҳайдаб юрган бойваччалар улар орасида ажралиб туради. Ўнлаб “Бентли” ва “Роллс-Ройс”ларни гаражига қамамасдан, одми автомобилда юришни афзал кўришади. Бундай намуна, албатта, кўпчилигимизга жуда ёқади, шундай эмасми?

Уоррен Баффет — Cadillac XTS

Машинасининг нархи тахминан 45 минг доллар

Cadillac автомобилини жўн деб бўлмайди, албатта. Аммо 77,3 млрд доллари бор америкалик бунақа машина миниши ғайриоддий ҳол. Шунга қарамасдан Баффет Cadillac XTSда юриши бор гап. Унинг седани 2014 йилда ишлаб чиқарилган. Миллиардер “Кадиллак”ни ёқтирса керак – бундан олдинги машинаси ҳам Cadillac DTS (2006) эди.

Афтидан, Баффет жуда кўп юргани учун бу автомобилни танлаган. У шахсий автомобилида бир йилда ўртача 5600 км йўл босиб қўяди.

Машҳурлар нега қиммат машина сотиб олади? Ўз сарватини намойиш этиш учун. Бу нуқтаи назардан ёндашганда Баффетнинг танлови мантиқан тўғридир, чунки ўз бойлигини атрофидагиларга кўз-кўзлашга миллиардернинг сира ҳам эҳтиёжи йўқ.

Марк Зукерберг - Acura TSX

Машинасининг нархи тахминан 30 минг доллар

Facebook асосчиси ва дунё бойларининг бешинчиси камтарона турмуши билан бутун дунёда машҳур. Масалан, GQ журнали Зукербергни Кремний водийсининг энг дидсиз кийинувчи фуқароси, деб атаган. Чунки Марк қалпоқли кенг кўйлак ва футболка кийиб юради. Автомобиль танлашда ҳам юксак диди билан ажралиб турмайди.

CNBC каналининг хабарига қараганда Зукерберг 2014 йилда ишлаб чиқариши тўхтатилган Acura TSXда юради. Миллиардер бу машинани “хавфсиз, қулай ва дабдабадан холилиги” учун танлаган экан. Бой Зукерберг битта автомобиль билан кифояланиб қолмаган, унда Volkswagen Golf GTI ҳам бор. Иккала машинасининг нархи деярли бир хил. Хуллас, Facebook асосчисининг гаражи ўртамиёна америкаликнинг гаражидан фарқ қилмайди.

Элис Уолтон — Ford F-150

Машинасининг нархи тахминан 40 минг доллар

Элис Уолтонни кўпчилик танимайди. Wal-Mart савдо салтанатининг асосчиси, 80-йилларда Американинг энг бой кишиси Сэм Уолтон вафотидан кейин унинг бойлиги қизи Элисга қолган. Элис Луиза Уолтоннинг бойлиги 40,8 млрд долларга баҳоланади, аммо миллиардер хоним камтарга камол ақидасига амал қиладиганлардан.

Унинг шахсий автомобили 2006 йилга мансуб Ford F-150 пикапидир. Ранчоси ҳам арзигулик деб бўлмайди. Унинг отаси ҳам 1979 йилдан бошлаб Ford F-150да юрган.

Стивен Балмер — Ford Fusion Hybrid

Машинасининг нархи тахминан 28 минг доллар

Microsoftнинг собиқ бош директори ва ҳозир баскетбол жамоасининг эгаси Стивен Балмер сайёрамизнинг бойлари рўйхатида 21-ўринни эгаллайди. Унинг бойлиги 30 млрд доллар атрофида. Балмер “Форд” автомобилларининг мухлиси, чунки унинг отаси бу компанияда менежер бўлиб ишлаган.

2009 йилда Ford компанияси унга ўртача ўлчамдаги Ford Fusion гибрид седанини расман ҳадя қилган. Бу “Форд”ларнинг энг қиммати бўлмаса ҳам Балмерга ёққан. Эҳтимол, миллиардернинг бошқа машинаси ҳам бордир, бироқ у ҳамиша Fusion Hybridда юради.

Ингвар Кампрад — Volvo 240 GL

Машинасининг нархи тахминан 22 минг доллар

IKEA савдо компаниясининг эгаси Ингвар Кампрад ўз ватани Швецияга қайтди. Бунгача у 20 йилча Швейцарияда яшади. Унинг севимли автомобилларидан бири 1993 йилда чиқарилган Volvo 240 GL эди. Кампраднинг камтарлигини топ-менежерларнинг ижтимоий ахлоқ масъулиятига мисол қилиб келтириш мумкин.

IKEA асосчисида илгари Porsche ҳам бўлган, аммо ҳозир минмайди. У рулга ўтирмай қўйган, чунки 91 ёшида машина миниш учун жуда хавфли.

auto.rambler.ru

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"