Ўн иккита ажойиб автотураргоҳ

Ўн иккита ажойиб автотураргоҳ

Севимли автомобилимизнинг макони қулай бўлишига нима етсин. Диққатингизга турли давлатлардаги ноодатий автотураргоҳларни ҳавола этамиз. Уларга автомобиль жойланишидан тортиб, дизайнигача ўзига хосдир. Марҳамат, кўздан кечиринг.

Марина Сити

Агар хориж филмларини кўрган бўлсангиз, кўпқаватли тураргоҳ ҳақида тасаввурингиз бор. Чикагодаги “Марина Сити” комплекси спиралсимон бўлиб, ҳар бир қавати 896 автомобилга мўлжалланган. Комплекс 1964 йилда бунёд этилган. Учинчи қаватдан бошлаб машинангизни жойлайсиз.

Parkhaus Engelenschanze

Штутгартдаги Parkhaus Engelenschanze одатий кўпқаватли автотураргоҳларга ўхшамайди. У ойнаванд, ёруғ ва кенг. Кўтарилиш ва тушиш вақтида машиналар бир-бирининг йўлини кесиб ўтмайдиган қилиб ишланган.

Линколн-роуд

Майамидаги Линколн-роуд тураргоҳини Хитойдаги “Қуш уяси” иншоотининг меъморлари лойиҳалаштирган. У ойна ва бетондан ташкил топган мураккаб ансамблдир. Автотураргоҳга жами 300 автомобиль сиғади. Ҳар бир қаватида балкон бор. Лойиҳа 70 млн долларга тушган.

Civic Center Parking Structure

Civic Center Parking Structure замонавий архитектура санъати ва илғор технологиялар уйғунлашувига мисолдир. 900 автомобилни ўз бағрига олади, электромобиллар учун зарядлаш мосламалари билан 14 жой бор. Бундан ташқари велосипедлар учун алоҳида жойи мавжуд. Санта-Моникадаги бу бино ташқи тарафдан рангли диод чироқлар билан ёритилади. Чироқлар бино томидаги қуёш батареяларидан қувват олади.

Rheinauhafen

Кўлндаги Rheinauhafen тоннелининг ер остида жойлашганлигидан бошқа бирор ғаройиб жиҳати йўқ. У уч кмга чўзилган ер остидаги энг катта автотураргоҳ-тоннелдир. Лойиҳани амалга ошириш учун инженерлар 15 ойдан ортиқ вақт сарфлаган. Ерости сувлари қурилиш ишларини мураккаблаштирган.

EPA

Эдисондаги тажрибавий EPA автотураргоҳининг қурилиши охирига етгани йўқ. 2009 йилда бошланган ва 2019 йилда тугайди. Тажрибавий деб аталишининг боиси янги материалларнинг автомобиллар ва иқлим таъсирига чидамлиги синалаётганлигидадир. Автотураргоҳ қурилишида атай ғовак бетон ишлатилган бўлиб, у намликни ерга тортиб олади.

Умихотару

Агар Токиога йўлингиз тушса Умихотару автотураргоҳига машинангизни бир киритиб кўринг. Умихотару сунъий оролда бунёд этилган. Шаклидан лайнерни эслатади. Нафақат шакли, ичи ҳам лайнерга ўхшаш: бу ерда магазин, кафе ва бошқа дам олиш жойлари бор.

Eureka Tower

Автотураргоҳ қурилишига график дизайнер жалб этилса, қандай манзара юзага келишини Мелбурндаги Eureka Tower мисолида кўриш мумкин. Бино девори ва полига уч ўлчамли кўрсаткичлар туширилган. Бошида хавфлироқ кўринган ҳолат кейинчалик қулай бўлиб чиқди. Автотураргоҳ Австралияда жойлашган.

Натвуд-Паркинг

Фуллертондаги Калифорния университетининг Натвуд-Паркинг тураргоҳи 2541 автомобилни сиғдиради. Унда бамбук ва гуллардан “табиий девор” ташкил этилган. “Девор” бино ҳавоси тозалигини таъминлаб туради.

Токиодаги ҳайинчаксимон автотураргоҳ

Токиодаги ҳайинчаксимон автотураргоҳни эрмак учун ясашган деб ўйламанг. Япониянинг аҳоли кўп ва зич яшовчи пойтахтида жой масаласи қийин.

Дубайдаги роботлаштирилган автотураргоҳ

Дубайдаги роботлаштирилган автотураргоҳга 765 машина жойлашади. Унда бўш жойдан максимал даражада фойдаланилган. Автоматлаштирилган бино бир соатда 250 машинага хизмат кўрсата олади. Жуда самарали, аммо қимматга тушган иншоот.

Мичиган театридаги автотураргоҳ

1926 йилда Детройтда Мичиган театри қурилган. Театр жуда серҳашам: қадаманақш, улуғвор устунлар ва қандиллар ўрнатилган. 1976 йилда театр касодга учради ва бузмоқчи бўлишди. Аммо бино бузилса, қўшни иморатларга путур етказиши аниқланди ва сақлаб қолиниб ажойиб автотураргоҳга айлантирилди.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"