Осиёда суперкарни рўзғор буюмларидан ясашмоқда

Осиёда суперкарни рўзғор буюмларидан ясашмоқда

Том ёпадиган темир, фанер ва монтаж кўпиги, палма толаси, болалар конструкциясидан суперкар ясаш мумкинми? Нега мумкин бўлмасин? Чунки ҳақиқий маҳоратли усталаргина қўлбола машина ясай олади. Бу заводда машина йиғиш эмас.

Кўплар машина ясаш ҳақида хаёл суриб кўради, айримлар ишни бошлайди, саноқли одамларгина тугатади. Биз фақат қўлда ясалган машиналар ҳақида ҳикоя қиламиз. Тюнинг-ателье ҳақида эса кейинги сафар.

Шарқ ҳунармандлари

Машинасоз усталарнинг кўпчилиги ривожланаётган мамлакатларга тўғри келади. Қиммат машина харид қилишни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди, аммо чиройли машинада юришни барча истайди, тўғрими? Қолаверса, ривожланаётган мамлакатларнинг аксариятида муаллифлик ҳуқуқи жудаям ўзига хосдир.

Интернет тармоғига мўраласангиз қўлбола суперкар ясовчи Таиланддаги ўнлаб фабрикачаларни кўрасиз. Улар оригиналидан бир неча баробар арзон туради. Яқинда бангкоклик суперкарсозларни дунёга машҳур қилган журналистлар қош қўяман, деб кўз чиқарди — маҳаллий ҳукумат лицензиясиз машина ясаётган усталарнинг танобини тортиб қўйди. Бу машиналарнинг хавфсизлигига ишонч йўқ. Тўқнашув тести ўтказиш эса кимнинг хаёлига келарди.

Таиландликлар суперкар ясашнинг жуда оддий технологиясини эгаллаган. Металл профил ва қувурлардан катта рама ясайди ҳамда унга шишапластикли кузов кийгазади. Кўпинча бундан ҳам осон йўл тутишади: эски машинанинг “ортиқча” жойларини кесиб ташлаб, суперкарга хос кузов кийдирилади. Масалан, қуйидаги Bugatti Veyron худди шу усулда қурилган. Унинг “ичида” эски Honda Civic бор. Муаллиф яхшигина тер тўккан, суперкар эса аслига икки томчи сувдек ўхшаган, бежизга атрофдагилар ҳайрат билан боқаётгани йўқ.

Bugatti Veyronнинг худди ўзи

Ҳиндистонлик уста эса “Вейрон”ни Honda Accordдан ясади. Яна бири асос сифатида Tata Nanoни олди. “Нано” расман дунёдаги энг арзон автомобиль саналади. Жуда кучсиз ва секин ҳаракатланади. “Тата Нано”дан суперкар ясаган уста, афтидан, ҳазилкаш инсон, чунки Veyron, аксинча, дунёнинг энг қудратли, тезкор ва қиммат автомобили ҳисобланади.

Чиқиндидан чиққан суперкар

Тай ва ҳинд суперкарсозларидан хитойлик усталар ҳам қолишмаяпти. Ойна фабрикасининг ёш ишчиси Чен Янкси “бировга ўхшагим келмайди”, деди ва муаллифлик суперкарини ясади. Хитойча қўлбола суперкар 40 км/соат тезликда юришини ҳисобга олмаганда (электромоторнинг кучи шунга етади холос) рулда ўтирган йигитчанинг маҳоратига тасанно айтмай иложи йўқ. Аксарият ҳамюртларидан фарқли ҳолда кўчирмасдан ўз йўлидан юрганга нима етсин.

Чен Янкси ўзи ясаган автомобиль рулида

Уч йил муқаддам хитойлик реквизитор Ли Вейлей Tumbler бэтмобилидан илҳом олиб, унга пародия ясади. Тўрт ўртоғини ёнига олиб бэтмобилни икки ойда битирди. Унга жами 70 минг юан (11 минг доллар) сарф бўлди. Чиқиндини титкилаб кузов учун пўлат йиғилган. Бэтмобилнинг харажатини қоплаш учун эгаси фото ва видеосъёмкаларга ижарага бермоқда. Бироқ унда сайр қилишнинг иложи йўқ, чунки мотори ҳам рули ҳам йўқ. Қолаверса, Хитойда фақат сертификати бор корхоналар ишлаб чиқарган машиналар йўлда юриш ҳуқуқига эгадир.

Кўриб турганингиздагидек бэтмобиль миниш учун Бэтмен бўлиш шартмас, чиқиндихонада икки ой ишласа етарли

Цзянсу провинциясидан Ванг Цзиань исмли уддабурон эса эскигина Nissan минивэни ва  Volkswagen Santana седанидан бинойидек Lamborghini Reventon ясаб қўйди. Суперкарга унинг 60 минг юани (9,5 минг доллар) сарфланди. Машина карбюраторли, юрганда буруқситиб тутайди, интерьернинг асари йўқ, ойна ҳам қўйилмаган, бироқ устанинг ўзига ёқади. Чунки у кўчирма суперкари соатига 250 км тезликда ҳаракатланишига ишонади.

Ванг Цзианнинг қўшнилари унинг меҳнатини худди Lamborghini Reventonдек юқори баҳолашади ва рулга ўтириб расмга тушишади

Қўлбола суперкарсозлар, асосан, Ferrari ва Lamborghini ясашни ёқтиришини айтиб ўтдик. Таиландлик Мистер Мита ясаган ушбу машинанинг ичида эса Lifan мотоциклининг чорак литрли двигатели ўрнатилган.

Суперкарларимиз шодасида энг кулгили ва эсда қоларлиси хитойлик фермер Гуо ясаган “Ламбо” бўлади. У автомобилни неварасига атаб тайёрлаган. Машина болаларбоп ўлчамда – 900х1800 мм. Электрли мотори соатига 40 км тезликда ҳаракатланади. Беш аккумулятордан таркиб топган батареяси 60 км йўл босишга етади. Гуо мини “Ламборгини” учун 815 доллар ва ярим йиллик меҳнатини сарфлаган.

Гуо бобо неварасини “Ламборгини”да айлантиряпти

Ўзимизнинг “Жигули”ни ҳам шоҳона автомобилга айлантирса бўлади. Вьетнамлик авточилангар ноль еттидан “Роллс-Ройс” ясади. ВАЗ 2107 тахминан 500 долларга харид қилинган бўлса, “Тюнинг”га яна минг долларча кетди. Маблағнинг кўпи металл, электродлар ва роллс-ройсча радиатор панжарасига сарфланди. Машина қўполроқ чиқди, бироқ эгаси у билан ғурурланишини қўймайди. Вьетнамда ҳақиқий “Роллс-Ройс” бундан минг баробар қимматлигини ҳисобга олсак, ғурурланишга арзийди.

“Лада 07”дан тайёрланган “Роллс-Ройс”

Совет кулибинлари

Собиқ Совет иттифоқида ҳам машинасоз усталар етарли эди. Қўлбола автомобиль ва мотоцикл ясовчилар “самавто” номли ҳаракат тузган. Ўша даврда ўз қўли билан машина йиғиш сотиб олишдан кўра арзонроққа тушарди. ЮНА, Панголина, Лаура, Ихтиандр номли турфа лойиҳалар бор эди.

Hummer H1ни эслатувчи “Калистрат”. Москвалик уста Евгений Данилиннинг машинаси ўтувчанлиги бўчича “Хаммер”дан ҳам ўтади.

Мақоламизнинг сўнгида қирғизистонлик уста Александр Тимашевни эслаб ўтамиз. Унинг ZerDo Design устахонасида 2000-йилларда кўп сонли қўлбола машиналар ясалган. Жумладан ГАЗ-66 асосидаги “Хаммер”, “Бархан”, америкача хот-род услубидаги “Шиддатли кабина”(Mad Cabin), армия юк машинаси ЗИЛ-157 – “Захара” ва ҳоказо.

Mad Cabin

ZDreplicaRS Phaeton

Қирғизистонлик уста репликар, спидстер ва фаэтонлари учун кузов ва интерьергина эмас, рамагача ясаган.

zr.ru сайтидан

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"