Ўзавтосаноaт нега раддия берди?

Ўзавтосаноaт нега раддия берди?

«Ўзавтосаноат»компанияси кеча Ўзбекистон ОАВ вакилларига танбеҳ берди.  Унинг сайтида эълон қилинган мурожаатда журналистларнинг манбани текширмасдан туриб Ўзбекистон автомобилсозлиги ҳақида нотўғри хабарлар қўяётгани танқид қилинган.  Бундай мурожаатнинг чиқишига аслида нима туртки бўлди?

Кеча Ўзбекистоннинг айрим хабар сайтларида «GM Uzbekistan» келаси йилдан Sonic ва Impala русумидаги янги автомобилларни ишлаб чиқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.  Бу ахборотни сайтлар қаердан олган эди?

Бундай маълумот аслида биринчи бўлиб Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида пайдо бўлди.  Саҳифа фойдаланувчиларидан бири «GM-Uzbekistan.com» номли сайтга қўйилган мақолани «Эрталабдан яхши хабар» изоҳи билан чоп этган.  Унда «GM Uzbekistan» заводида 2016 йилда ишлаб чиқаришдан олиб ташланадиган ва янги жорий қилинадиган русумлар ҳақида гап боради.

Бу хабар тез орада фойдаланувчилар ўртасида баҳсларга сабаб бўлди ва гуруҳни кузатиб борувчи журналистлар ҳам дарров хабарни кўчириб сайтларида чоп этишга шошилишган.  Бу ерда муаммо нимада?

Муаммо шундаки,  бу миш-миш (хабарда бу маълумотлар қаердан олингани ёзилмаган) «GM-Uzbekistan.com» сайтида 2015 йил 23 майда (! ), яъни бундан беш ойча муқаддам чоп этилган.  Хабар турган саҳифада унинг чоп этилган санаси кўринмайди,  аммо «Хабарлар» бўлимига ўтилганда,  бу мақоланинг қайси куни қўйилганини кўриш мумкин.

Янги хабарни тез ва биринчилардан бўлиб қўйишга шошадиган айрим ОАВларимиз ҳатто хабар санасини текшириш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаган.

Ўзавтосаноат бирор сайт номини аниқ кўрсатмасдан раддия эълон қилгандан кейин  баъзи сайтлар Ўзавтосаноат «GM-Uzbekistan.Com» ахборотини рад этгани ҳақида хабарлар бера бошлади,  лекин улар ҳам илк хабарнинг беш ойлик эски миш-мишга асосланганини тилга олмаган.

Огоҳ бўлинг,  ўртоқ журналистлар! 🙂

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.