"Ўзавтосаноат" Хитой билан ҳамкорликда автобус ишлаб чиқариши мумкин

Шу кунларда Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Хитойда сафарда бўлди. Вакилларимиз Хитой автосаноати билан ҳам қизиқди. Делегация аъзолари Сиан шаҳридаги “BYD” корпорациясига ташриф буюриб, электромобиллар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг samarkand.uz сайти ёзмоқда.

Бундан ташқари делегация “Zhongtong Bus & Holding Co., Ltd” (“Жонгтонг Бас энд Холдинг Ко ЛТД”) компанияси раҳбарияти билан ҳам музокара олиб борди. Мазкур компания ташкил этилганига 40 йил тўлган. Бугун бу ерда 4 мингдан кўпроқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Компания асосан шаҳарлараро ва туристик автобуслар ишлаб чиқаради. Ҳозир юздан ортиқ русумдаги автобус ишлаб чиқарилмоқда.

2017 йилда 20 мингта ҳар хил русумли автобус тайёрланган, 3 мингдан ортиғи экспорт қилинган. Компания ҳозиргача Ўзбекистондаги туристик ташкилотларга юздан ортиқ автобус сотган.

Учрашувда компания таъсисчилари Ўзбекистонга ташриф буюриб, автомобилсозлик бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти билан музокара ўтказиш истаги борлигини билдирди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"