"Ўзбекистон ҳаво йўллари" йўловчиси авиакомпания ходимлари устидан прокуратурага шикоят қилди

Ўзбекистон транспорт прокуратураси "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Бангкок шаҳридаги ходимлари устидан шикоят қилган фуқаро аризасини ўрганиб чиқди, деб хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот-хизмати.

Маълум бўлишича, ариза фуқаро М.Субханов томонидан йўлланган.

Фуқаро Субханов жорий йил 11 июлда Бангкок-Тошкент йўналишидаги рейсга рўйхатдан ўтгач, учиб кетиш залида аэропорт ишчилари ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Бангкок шаҳридаги ходимлари Ф.Султонов ва Ш.Буриходжаевлар томонидан тўхтатилган.

Субхановнинг қўл юки рухсат этилган меъёрдан ортиқлиги туфайли, у қўшимча тўловни амалга ошириш лозимлиги, акс ҳолда рейсдан қолдириши мумкинлиги айтилган.

Субханов 100 АҚШ доллар тўлашга мажбур бўлган ва прокуратурага ёзган аризасида ундан қўшимча тўлов ундирилганидан норози эканлигини билдирган.

Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганган прокуратура ходимлари фуқаро М.Субхановдан қўшимча тўлов қонуний ундирилгани ва бу пуллар ғазнага кирим қилинганлигига ойдинлик киритишган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКнинг Бангкок шаҳридаги ходимлари Ф.Султонов ва Ш.Буриходжаевлар томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги аниқланган ва бу ҳақида ариза муаллифига жавоб берилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.