Ўзбекистон ҳайдовчиларни 100 баллик тизимда баҳолашга ўтиши мумкин

Ўзбекистон ҳайдовчиларни 100 баллик тизимда баҳолашга ўтиши мумкин

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчиларни баҳолашнинг баллик тизимини татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази раҳбари Бахтиёр Иноғомов 17 май, пайшанба куни бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилди.

Иноғомовнинг сўзларига кўра, ушбу таклиф Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов томонидан 16 май куни Олмазор тумани аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашув чоғида айтиб ўтилган.

Амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, ҳайдовчи бир йил давомида уч марта бир хил турдаги қоидабузарликка йўл қўйса, у ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтадан қўлга киритиш учун имтиҳон топшириши керак бўлади. Ҳозирги вақтда лойиҳаси ўрганиб чиқилаётган баллик тизим айнан шу жараён ўрнини эгаллаши кўзда тутилган.

«Дейлик, ҳайдовчининг ҳисобида 100 балл бор. Ҳар бир қоидабузарлигидан сўнг унинг баллари камайиб боради, кўрсаткич 0 га тушиб қолгач — лимитини тўлиқ тугатгач — ҳайдовчи қайтадан имтиҳон топшириши керак бўлади. Бу ҳали лойиҳа даражасидаги таклиф, кўриб чиқиляпти. Аввал ўрганилади, жорий қилиш мақсадга мувофиқ деб топилса, қоидаларга ҳам киритилади», — деди Бахтиёр Иноғомов.

Қайд этиш жоиз, Ички ишлар вазирлиги ушбу ғояни кўриб чиқиш жараёнида ҳайдовчиларнинг бунга муносабатини ҳам ўрганишни мақсад қилган.

«Daryo.uz»нинг қайд этишича, Грузияда 2017 йил июлидан бери ҳайдовчиларнинг ҳаракати 100 баллик тизимда баҳолаб борилади. Агар ҳайдовчи 100 баллик қоидабузарликларни содир этса, у ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади.

Масалан, транспорт воситасини алкоголь ичимлик таъсирида бошқариш 30 баллнинг йўқотилишига, машина бошқарувини гиёҳванд модда таъсиридаги шахсга ишониб топшириш эса 40 баллнинг ечиб олинишига сабаб бўлади. Ҳайдовчи ёки олд ўриндиқдаги йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, ҳайдовчи 5 баллдан маҳрум бўлади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.