Ўзбекистон ва Россия тез орада Тошкент — Новгород автобус қатновини йўлга қўяди

Ўзбекистон ва Россия тез орада Тошкент — Новгород автобус қатновини йўлга қўяди

Ўзбекистон ва Россия яқин ойлар ичида Тошкент – Нижний Новгород йўналиши бўйича биринчи халқаро автобус қатновини йўлга қўяди.

Биринчи босқичда ушбу йўналиш бўйича автобуслар ҳаракатини Россия томони таъминлайди. Ҳозирда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Россиянинг барча манфаатдор ташувчи ва мутасадди органлари билан музокаралар олиб бормоқда.

"Биз Россияга автобус қатновини бошқа йўналишларда ҳам ривожлантириш ниятидамиз. Қатновлар нафақат Тошкентдан, балки бошқа шаҳарлар, масалан Бухоро, Нукус, Урганч ва Фарғона водийсидан йўлга қўйилади. Нижний Новгородга автобус қатнови қачон очилишининг аниқ муддатини ҳозирча айтиш қийин, бу Ўзбекистон ва Россия томонига боғлиқ. Аммо яқин ойлар ичида барча масалалар ҳал бўлади", — деди Sputnik мухбирига агентлик бошлиғининг ўринбосари Шоалим Шоваҳобов.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида гапириб ўтганди. Маълум бўлишича, Россия ва Қозоғистонга меҳнат қилиш мақсадида йўлга чиқаётган фуқаролар йўл кира арзонлиги учун автобусда кетишни маъқул кўришади.

Улар текширувдан ўтмаган эски техникадан фойдаланувчи хусусий ва ноқонуний ташувчиларга мурожаат қилишлари оқибатида турли нохуш ҳодисалар юз бермоқда. Яқинда Оқтўба вилоятида Россияга кетаётган автобус ёниб кетиши оқибатида унинг ичида бўлган 52 ўзбекистонлик фуқаро ҳалок бўлганди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.