Ўзбекистонда 1 февралдан автомобилларда композит қопламали газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади

Ўзбекистонда 1 февралдан автомобилларда композит қопламали газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда автомобилларга ўрнатилган газ баллонлар тақиқланиши ҳақида хабарлар тарқалди. ЎзА мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси матбуот хизмати котиби Олимжон Жўраев билан боғланди.

— Тадбиркорлар томонидан Ўзбекистонга узоқ йиллар давомида чет мамлакатлардан автомобилларга мўлжалланган турли газ баллон ва ускуналари олиб келинган, — дейди Олимжон Жўраев. — Жумладан, Хитойдан усти композит қопламали, халқона айтганда, скотчли баллонлар келтирилган. Очиғини айтиш керак, мамлакатда аввал бундай баллонларни текшириш ва синаш стандартлари мавжуд эмас эди. Шу боис, бу баллонларга уларни ишлаб чиқарган заводлардан олинган синов натижаси асосида сертификатлар берилган.

Кейинчалик бундай баллонлардан фойдаланишда нохуш ҳодисалар рўй бера бошлади. Маълумотларга қараганда, ўтган вақт давомида 55 композит қопламали газ баллонининг портлаши оқибатида 41 киши ҳалок бўлди, 23 киши тан жароҳати олди. Афсуски, бу каби аянчли ҳодисаларни кўра-била туриб, ҳамон бундай баллонлардан фойдаланиб келинмоқда. Яқинда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ана шундай баллон портлашида 2 йўловчи (улардан бири ёш бола) нобуд бўлди, 6 фуқаро жароҳатланди.

Бундай ҳодисаларга мустаҳкамлик даражаси паст бўлган композит қопламали газ баллонлар, баллонларга ортиқча босимда газ қуйиш, металл газ баллонларини навбатдаги техник синовдан ўтказмаслик ёки ўтказилган, деб қалбаки далолатнома расмийлаштиришлар сабаб бўлмоқда.

Тегишли идоралар мутахассислари хулосасига кўра, композит қопламали баллонлар металл қисмининг сифати ва қалинлиги талабга жавоб бермайди.

Шуларни инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 февралидан эътиборан автомобилларда композит қопламали газ баллонлардан фойдаланиш тақиқланади.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.