Ўзбекистонда авто-мототранспорт воситалари савдосидан тушадиган давлат божини тақсимлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистонда авто-мототранспорт воситалари савдосидан тушадиган давлат божини тақсимлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Ўзбекистон Республикасида авто-мототранспорт воситалари олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиниши билан боғлиқ шартномаларни расмийлаштиришда нотариал идоралари томонидан ундириладиган давлат божини тақсимлаш тартибига ўзгартириш киритилди, деб хабар бермоқда Kun.uz.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги қарорига кўра, авто-мототранспорт воситаларининг олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиниши билан боғлиқ шартномаларни расмийлаштиришдан тушадиган маблағнинг 73 фоизи шаҳар ва туманлар бюджетларига ўтказилади. 12 фоизи Суд ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига, 15 фоизи эса адлия органларининг ғазначилик ҳисоб рақамларидаги маблағларини тўплаш усули билан давлат нотариал идоралари ва нотариал архивларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Республика ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати томонидан авто-мототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказганлик учун ундириладиган маблағнинг 92 фоизи туман ва шаҳарлар бюджетига, қолган 8 фоизи ИИВ ЙҲХДХ ғазначилик ҳисоб рақамига ўтказилади.

Бундан аввалги тартибга кўра, авто-мототранспорт воситалари олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиниши билан боғлиқ шартномаларни расмийлаштиришда нотариал идоралари томонидан ундириладиган давлат божининг 80 фоизи ва ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати томонидан авто-мототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказганлик учун тушадиган маблағларнинг 85 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобига тушар эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.