Ўзбекистонда автомобиллар савдоси осонлаштирилади

Ўзбекистонда автомобиллар савдоси осонлаштирилади

Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси ва “Ўзавтосаноат” ДАК GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларни сотиш бўйича намунали шартномани ўзгартириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Sputnik агентлиги қўмитадаги манбаларига асосланган ҳолда хабар бермоқда.

Бугунги кундаги тартибга кўра, мижоз GM Uzbekistan’нинг расмий дилеридан харид қилмоқчи бўлган автомобили нархининг 85 фоизини аванс тариқасида, қолганини эса машинани олиш чоғида тўлайди. Харидор автомобилнинг келишини, унинг русумига қараб, бир йилгача кутиши мумкин.

Яна бир муаммоли жиҳат – завод тарафидан шартнома тузилганидан автомобиль келтирилгунига қадар нарх оширилса, мижоз ўртадаги фарқни тўлаб бериши талаб қилинади.

“Бу Ўзбекистон учун жуда катта масала, айтишим мумкинки, 2015 йил ва 2016 йил биринчи ярмидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг ўткир муаммо. Ўтган йил бошида бу мавзуда катта шов-шув кўтарилди, ўшанда “Ўзавтосаноат” автомобиллар нархини 30 фоиздан ошиқроққа кўтарди, бу эса ҳали олинмаган автомобиллар учун қўшимча ҳақ тўлашга мажбур бўлган харидорларга жиддий таъсир кўрсатди”, – деди агентликнинг суҳбатдоши.

Давлат рақобат қўмитаси бу фактни ўрганиб чиқиб, дилерлар ҳақ, деган қарорга келди. Икки ўртада тузилган шартнома бундай вазиятни аниқ-равшан ифодалаб, мижозни автомобиль нархи ошиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Агар шартнома имзоланса, у кучга киради ва бирорта суд томонидан бекор қилиниши мумкин эмас, деб таъкидлади қўмита вакили.

Аммо бу вазият ўзгартирилмайди, дегани эмас. Қўмита ва “Ўзавтосаноат” мутахассислари бугун мавжуд намунали шартномани ўзгартириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Жумладан, автомобиль етказишнинг янги муддати 90 кун ошмаслиги лозим, деб белгиланиши мумкин, шунингдек, нарх ошганда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини аниқлаштириш талаб этилади.

Бундан ташқари, Давлат рақобат қўмитаси харидорлар учун муҳим бўлган бошқа йўналишда ҳам фаолият олиб бормоқда. Ҳозирликда расмий дилердан машина харид қилган жисмоний шахсларга уни бир йил давомида сотиш тақиқланади.

“Бу тизим беш йил муқаддам бозордаги олиб сотарликка чек қўйиш мақсадида жорий қилинган эди. Одамлар ўнлаб машина сотиб олиб, уларни бозорда қайтадан сотгани ва ажиотаж келтириб чиқаргани маълум. Бугун вазият бошқача, бозор секинлик билан тўйиниб бормоқда, ва пайти келганда биз мазкур тақиқни бекор қилиш масаласини кўриб чиқамиз. Аммо ҳали бунинг вақти келмади”, – таъкидлади номи келтирилмаган вакил.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавзу:

#GM Uzbekistan