Ўзбекистонда деярли ҳар иккинчи хонадонда енгил машина борлиги маълум бўлди

Ўзбекистонда деярли ҳар иккинчи хонадонда енгил машина борлиги маълум бўлди

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумот беришича, республикада деярли ҳар икккинчи хонадонда енгил машина мавжуд. Аҳолининг шахсий енгил автомобиллар билан таъминланганлик даражаси 2016 йил якунларига келиб ҳар 100 хонадонга 43 тага етди, дейилади қўмита маълумотномасида.

Статистикага кўра, ҳар 100 хонадонга тўғри келган телевизорлар сони 153 тани ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 1,7 марта ошган.

Шунингдек, совутгич ва музлатгичлар — 102 дона (ўсиш 1,2 баробар), кондиционерлар — 34 дона (ўсиш 3 баробар), электр чангютгичлар — 54 дона (ўсиш 1,8 баробар), кир ювиш машиналари — 80 донани (ўсиш 1,1 баробар) ташкил этди.

2016 йил якуний маълумотларига кўра, 100 та уй хўжалигига тўғри келган шахсий компютерлар 49 донани (2000 йилда — 0,2 дона) ташкил этган.

2000-2016 йиллар мобайнида уяли алоқа телефонлари билан таъминланганлик деярли 13,6 баробарга ошиб, ўтган йил якунида ҳар 100 хонадонга 246 тадан, яъни ҳар бир хонадонга 2,5 тадан уяли алоқа телефонлари тўғри келди.

Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ўрганиш мақсадида давлат статистика органлари томонидан ҳар йили уй хўжаликларида танлама усулда кузатувлар ўтказилади.

Уй хўжаликларида кузатув ўтказиш услубиёти Жаҳон Банки ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа Иқтисодий Комиссиясининг тавсияларига асосланган бўлиб, республиканинг барча ҳудудларида ўтказилади ва уларнинг сони бир йилда 10000 тани ташкил этади.

2016 йилда ўтказилган уй хўжаликлари танлама кузатувларида 50 мингдан ортиқ аҳоли қамраб олинган бўлиб, ўртача бир уй хўжалигига 5,1 кишидан тўғри келган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.