Ўзбекистонда немислар ёрдамида пулли автойўллар барпо этилади

Ўзбекистонда немислар ёрдамида пулли автойўллар барпо этилади

Немисларнинг GP Papenburg AG компанияси Ўзбекистонда пулли йўллар қуриш билан шуғулланади, деб ёзмоқда Sputnik сайти.

Шу кунларда автомобиль йўллари давлат қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев ва Германиянинг "GP Papenburg AG" компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Немис компанияси МДҲ давлатларида иш юритиш тажрибасига эга. Сўнгги йиллар мобайнида Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларда цементбетон ва асфальтбетон қопламали йўллар қуришда иштирок этди. Ўзбекистонда Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов халқаро трассасининг 50 кмли қисмини немис компанияси қуриб битказган.

Ҳозир мазкур компания билан республикамизда пулли йўллар қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бундай йўллар 2020 йилда қуриб фойдаланишга топширилиши мумкин. Ягона муаммо қонунчилик базасининг йўқлиги бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистондаги биринчи пулли йўл Тошкентдан Самарқанд орқали Бухорога йўналган автотрасса бўлиши мумкин. Унда оддий автотрассалардагидан кўра каттароқ тезликда ҳаракатланиш имкони бўлади.

Учрашувда, шунингдек, "Тельтомат" асфальт қориштирув заводларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш ҳамда асфальт-бетон қопламаларни регенерация қилиш билан шуғулланувчи қўшма корхона ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Германия компанияси раҳбари – унинг корхонаси "Тельтомат" заводларини модернизация қилишга ихтисослашган махсус дастурларга эга эканлигини ҳамда асфальт қориштирувчи завод мажмуаларини йиғиш бўйича ўзбекистонлик мутахассисларни Германияда қайта ўқитишга тайёр эканликларини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги автомобил йўллари тармоғининг узунлиги ҳозир 184 минг километрни ташкил этади. Ундан 42,6 минг километрдан ортиқроғи умумий фойдаланишдаги автойўллардир.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"