Ўзбекистонда нима сабабдан қиммат бўлмаган автомобилларга божлар сақланиб қолинаётганлиги айтилди

Ўзбекистонда нима сабабдан қиммат бўлмаган автомобилларга божлар сақланиб қолинаётганлиги айтилди

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 январь куни айрим турдаги енгил автомобилларни божхона божига тортиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар берди.

Янги тартиб айнан қандай автомобилларга тегишли эканлигини Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарруҳ Файзуллаев тушунтириб берди.

«1 январдан Ўзбекистонда 40 минг АҚШ доллар ва ундан юқори бўлган эквивалент қийматидаги автомобилларги тааллуқли бўлган янги тартиб жорий этилмоқда. Бу янги автотранспорт воситалари бўлиши лозим. «Янги» деганда божхона расмийлаштирувидан ўтказилаётган вақтда ишлаб чиқарилганига икки йилдан ошмаган автомобиллар тушунилади. Улар учун пасайтирилган божхона тўлови қўлланилади», — дейди Файзуллаев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу автомобилларга импорт божи қўлланилмайди, фақат 20 фоиз аксиз солиғи ҳамда 20 фоиз қўшимча қиймат солиғи тўланиши лозим. Божхона тўловларининг умумий ставкаси олиб кирилаётган автомобилнинг 44 фоизини ташкил қилади.

«Ушбу тоифага кирмайдиган бошқа автомобиллар учун божхона ставкалари ўзгаришсиз қолмоқда. Бутун дунёда ҳар қандай мамлакат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилади. Республикада ўрта синфга мансуб автомобиллар ишлаб чиқарилади, GM Uzbekistan бор, янги ишлаб чиқарувчилар билан уларни бозорга олиб кириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Шу сабабли давлат ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилади. Шу сабабли ушбу меъёр (импорт божини бекор қилиниши) бизда оммавий ишлаб чиқарилмайдиган премиум-синфдаги автомобилларга нисбатан жорий этилмоқда», — дейди у.

Янги қоида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Мавзу:

#бож

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.