Ўзбекистонда сўнгги 10 кунда маст ҳолда автомобиль бошқарувчилар сони ошганлиги маълум қилинди

Ўзбекистонда сўнгги 10 кунда маст ҳолда автомобиль бошқарувчилар сони ошганлиги маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, ўтган ҳафтада республика автомобиль йўлларида жами 142 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, ушбу ҳодисаларда 136 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади «Kun.uz».

Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 75 967 та қоидабузарлик аниқланган бўлиб, бу қоидабузарликларнинг 41 845 тасини қўпол қоидабузарликлар ташкил этади. Жумладан, 1 232 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлиги, 13 969 нафар ҳайдовчи белгиланган тезлик талабларини, 1 101 нафар ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасини, 11 938 нафар ҳайдовчи одам ташиш қоидасини, 248 нафар ҳайдовчи темир йўл кесишмаларидан ўтишда қоидани бузганлиги учун тўхтатилди ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган 373 нафар, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 805 нафар ва хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатланган 15 340 нафар ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилган.

Ўтган ҳафта давомида 1 232 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст ҳолда бошқарганлиги аниқланган бўлса, муборак Рамазон ойининг ўтган 11 куни давомида ЙПХ инспекторлари томонидан 2 026 нафар ҳайдовчига шу каби ҳуқуқбузарликлар учун чоралар кўрилган.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.