Ўзбекистонда “тонировка” масаласи бўйича расман қарор қабул қилинди. Нархи 16 587 000 сўм

Ўзбекистонда “тонировка” масаласи бўйича расман қарор қабул қилинди. Нархи 16 587 000 сўм

Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Ушбу қарорга мувофиқ:

-  2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди;

-  ойналарни қорайтириш Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги "Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази" ДУК томонидан амалга оширилади;

-  ойналарни қорайтириш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)дан рухсатнома (1 йилга берилади) олиш керак;

-  орқа ойнани ёруғлик ўтказувчанлик беш фоиздан кам бўлмаган (95 фоизга қорайтириш), орқа ён ойналарни ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган (70 фоизга қорайтириш) даражада ўзгартириш мумкин;

-  олд ойнанинг тепа қисмини 14 см дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган шаклда ўзгартириш учун рухсатнома шарт эмас;

-  хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автотранспорт воситаларини Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўловлар:

- жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари (16 587 000 сўм);

- юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари (22 116 000 сўм);

- хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари (25 802 000 сўм).

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.