Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими жорий этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилдиKun.uz шу ҳақда ёзмоқда.

Ҳужжат билан Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини ҳар йилда 12 (ўн икки) балл асосида баҳолаб борилади;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолати йил бошидан шу йилнинг якунига қадар  берилган 12 баллдан айириб ташлаш орқали ҳисобланади;

ҳайдовчи томонидан йил мобайнида (1 январдан 31 декабрга қадар) берилган 12 бал 0 ва ундан паст бўлганда, ҳайдовчи қўшимча имтиҳондан ўтказилади;

ҳайдовчи қўшимча имтиҳондан ўтган тақдирда, йил якунига унга бир маротаба қўшимча 3 балл берилади;

йил якунига қадар берилган балл сарфлаган, шунингдек қўшимча имтиҳонни топшира олмаган, ҳайдовчилар суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларга бериладиган 12 балл фақат бир йил мобайнида, яъни йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган даврига қадар амал қилади ҳамда сақланиб қолган баллнинг кейинги йилга ўтказилишига йўл қўйилмайди;

истисно тариқасида, йил мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга, рағбатлантириш тариқасида, кейинги йил учун  имтиёзли 6 балл берилади (қўшимча 6 балл фақат йил якуни бўйича йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга берилиб, фақат бир йилнинг натижасига кўра кейинги йилда бериладиган 12 баллга қўшилади);

йил мобайнида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларини жарима балли асосида баҳолаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора ҳисобланиб, ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун 12 баллдан айрилган жарима баллари йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳайдовчини қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосий жазо (жарима)дан озод этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда жарима баллари сарф қилиб бўлган ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон топширишда тўланадиган тўловлар ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2019 йилнинг 1 июнигача:

а) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси эга бўлган фуқароларга электрон шаклда 12 балл бериш ва ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда уларни айириб ташлашнинг электрон тартибини жорий этишга йўналтирилган амалий чора-тадбирлар кўради;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф киритади;

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, талаблар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши ҳар йил, яъни 1 январдан 31 декабрга қадар бўлган вақт оралиғида олдиндан бериладиган 12 балл асосида баҳолаб борилади.

Ҳайдовчиларга бериладиган балларнинг сақланиб қолган миқдорини кейинги йилга ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Ҳайдовчиларга ҳар йилнинг 1 январидан 12 балл берилади.

Йўл ҳаракатининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ҳайдовчилардан тегишли мезон асосида баллар айириб ташлаш йўли билан ҳисобланади.

Ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари ДЙҲХХнинг маъмурий амалиёт бўлимлари томонидан ҳисоблаб борилади.

Ҳайдовчининг 12 баллидан 8 ва ундан ортиқ баллга тенг қоидабузарлик содир этилган тақдирда, бу ҳақда ҳайдовчига хабарнома юборилади.

Ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилганлик ҳолатига эътироз билдирилган ҳамда иш кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборилганда, жарима баллари суднинг якуний қарорига асосан ҳисобланади.

Йил якунига қадар йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳамда 12 баллни сарфлаган 0 ва ундан паст баллга эга ҳайдовчилар ДЙҲХХ йўл ҳаракати қоидалари юзасидан қайта имтиҳондан ўтказилади.

Имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳайдовчиларга йил якунига қадар қўшимча 3 балл берилади.

Йилнинг охирги кунида, яъни 31 декабрда 12 ва ундан ортиқ баллга тенг қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари юзасидан имтиҳонлар кейинги йилда муваффақиятли топширилган тақдирда уларга кейинги йил учун 12 балл берилади.

Йўл ҳаракати қоидалари юзасидан имтиҳонларни муваффақиятли топшира олмаган ҳайдовчиларнинг кейинги йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати суд томонидан белгиланади.

Имтиҳонларни топшира олмаган, шунингдек йилнинг якунига қадар қўшимча 3 балл ва ундан ортиқ баллга тенг ҳуқуқбузарлик содир этган ҳайдовчиларни йил якунига қадар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ҳал этиш учун ҳужжатлар маъмурий судларга юборилади.

Маъмурий судлар томонидан жарима баллари асосида йўл ҳаракати қоидалари бузилган йилнинг якунига ёки суд томонидан белгиланган муддатга ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгандан сўнг, ҳайдовчи ДЙҲХХ органларида йўл ҳаракати қоидалари юзасидан имтиҳонни муваффақиятли топшириб, автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлганидан сўнг, унга йил учун 12 балл берилади.

Маъмурий судлар томонидан белгиланган ҳайдовчилик ҳуқуқини маҳрум қилиш юзасидан чиқарилган қарорнинг муддати ҳамда ҳайдовчилар психолог ва шифокор кўригидан ўтганидан кейин йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳонларига қўйилади ва улар имтиҳонни муваффақиятли топширганидан сўнг кейинги йил учун 12 балл берилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.