Ўзбекистонда йўлнинг қатнов қисмида телефондан фойдаланган пиёдаларга жарима солинади

Ўзбекистонда йўлнинг қатнов қисмида телефондан фойдаланган пиёдаларга жарима солинади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи томонидан Йўл ҳаракати қоидаларининг қатор талабларини бузганлик учун жарималар жорий этишни кўзда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда, «Газета.uz»га асосланиб, Daryo.Uz хабар бермоқда.

Бунда гап мототранспортни мотошлемсиз бошқариш, нур қайтарувчи нимча билан жиҳозланмаган автотранспорт воситасини бошқариш, шунингдек, пиёдалар томонидан йўлнинг қатнов қисмида, хусусан, пиёдалар ўтиш жойларида телефонлар ва бошқа электрон воситалардан фойдаланиш, видео- ва аудиомаҳсулотларни томоша қилиш ва тинглаш, китоб ва даврий нашрларни ўқиш каби қоидабузарликлар ҳақида бормоқда.

Хабарда таклиф этилаётган жарималар миқдорига аниқлик киритилмаган. Тузатишлар Сенат томонидан август охирида бўладиган олтинчи сессияда кўриб чиқилади.

«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, йўл-транспорт ҳодисаларнинг 54 фоиздан ортиғини пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ ҳодисалар ташкил этмоқда. Бунинг асосий сабаблари — пиёдаларнинг йўл белгилари, йўл чизиқларига риоя этмаслиги, қоидаларга хилоф равишда йўлнинг қатнов қисмида бўлиш, эътиборсизлик қилиш ва эҳтиёт чораларини кўрмасликдир», — деди депутат Алия Юнусова.

«2014 йил давомида пиёдаларнинг уриб юборилиши билан боғлиқ ҳодисаларнинг 506 тасида сабабчи сифатида пиёдаларнинг ўзи кўрсатилган, мазкур ЙТҲлар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, 431 киши тан жароҳати олган. 2015 йилда ҳам худди шундай манзара такрорланган», — деди у.

«Ёш авлод вакилларининг йўлда бўлгани ҳолда, айниқса, қатнов қисмида туриб телефонлар, аудио-видео, компьютер техникаларидан фойдаланиши йўл ҳаракати хавфсизлигига, инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдирувчи одатий ҳолга айланиб бормоқда… Бу каби меъёрларнинг жорий этилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятини ошириш, йўллардаги қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади ва ЙТҲларнинг сони ва салбий оқибатлари кўламини қисқартиришга кўмак беради», — дея қўшимча қилди депутат.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#Пиёда

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.