Ўзбекистонга электробуслар олиб келинади

Ўзбекистонга электробуслар олиб келинади

2017-2019 йиллар давомида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ автокорхоналарига “LЕ-60”, “ИСУЗУ”, “МАН” русумли, жами 770 та янги автобуслар харид қилинади. Улар кондиционер ва пандус (ногиронлиги бўлган кишиларнинг чиқиб-тушишлари учун мўлжалланган йўлаклар) билан жиҳозланади.

Ҳозирда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибида 9 та автобус саройи, 4 та унитар корхона мавжуд. Автобус саройлари томонидан 133 та йўналишда транспорт хизмати йўлга қўйилган бўлиб, йилига ўртача 200 миллиондан зиёд йўловчи ташилади. Мазкур йўналишларга 1 124 та автобус бириктирилган ва улар томонидан бир кунда 16 049 та қатнов амалга оширилмоқда, деб ёзади kun.uz.

Жорий йил бошидан узоқдан назорат қилувчи GPS ҳамда А-21 тизими қайта йўлга қўйилди. Бу ҳайдовчи ва назоратчи ўртасидаги алоқа бўлиб, йўналишларда содир этиладиган қоидабузарликларни онлайн тарзда аниқлаб, бартараф этиш имконини бермоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир автокорхонада “Маъмурият назорати” гуруҳлари ташкил этилган. Улар томонидан ҳар куни ўзларига тегишли автобус йўналишларида мониторинг ва ўрганиш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури доирасида мамлакатга электробусларни келтириш юзасидан лойиҳага қўл урилди. 

Сингапурнинг етакчи компаниялари билан ўтказилаётган музокараларда бир автобус саройи бошқарувини уларга бериш масаласи ҳар тарафлама ўрганилмоқда. Бундан ташқари, автосаройларда "МАН" русумли автобуслар сонининг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 5-автобус саройи қошида “МАН” сервис марказини қуриш бўйича ишлар бошланмоқда.

Бекатларга электрон табло ва Wi-Fi ўрнатиш бўйича жадал ишлар кетмоқда. Бунга қўшимча равишда автобусларга кузатув камераларни ўрнатиш, 2030 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган жамоат транспортини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш, автобус саройларида давлат хусусий шериклик асосида газ қуйиш шохобчаларини (АГНКС) қуриш ҳам режалаштирилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.