Ўзбекистоннинг бош йўл назоратчиси: Бир неча машинани ижарага бериб қўйганлар ҳам энди жарима тўлайди

Ўзбекистоннинг бош йўл назоратчиси: Бир неча машинани ижарага бериб қўйганлар ҳам энди жарима тўлайди

Тошкент 15 мартдан бошлаб шаҳарнинг 115 та чорраҳасига ўрнатилган видеокузатув камералари қоидабузарликларни қайд этиб, жарима қоғозларини юборишни бошлайди. Мазкур янгилик юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Холматжон Сайдалиев вазирлик матбуот хизматига интервью берди, деб ёзади Daryo.uz.

Сайдалиевнинг қайд этишича, қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг мулкдорига юборилади. Эътиборли томони, қоидабузарлик содир этилган вақтда автомобилнинг қонуний эгаси уни ҳайдамаган бўлиши, масалан, бошқарувда ишончнома билан бошқа киши бўлган бўлиши ҳам мумкин.

«Қонунда масаланинг бу томони ҳам инобатга олинган», — дейди республиканинг бош йўл назоратчиси. Агар тегишли автомобилга ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёки мазкур автомобиль бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида автомобиль мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, мулкдор ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган қоидабузарлик учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Бу қоидабузарликларнинг олдини олишда жуда ҳам муҳим. Сабаби, эндиликда мулкдор ҳам ҳайдовчини қоидабузарлик қилмасликка чақириб, қоидаларга амал қилиш зарурлигини эслатиб туради. Айниқса, бир неча транспорт воситаларини ижара шартномаси асосида ёки ишонч қоғози билан бошқаришга берган мулкдорларнинг масъулияти ошади. Уларнинг ўзлари ҳам қоидабузарликларга қарши кураш бошлашади. Ҳайдовчиларини доимий назорат қилишади. Шунинг ўзи ҳам қоидабузарликлар сонини сезиларли даражада камайишига сабаб бўлади.

Холматжон Сайдалиев, Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ бошлиғи

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.