«Ўзбекнефтгаз» 12 минг ходимни ишдан бўшатади

«Ўзбекнефтгаз» 12 минг ходимни ишдан бўшатади

«Ўзбекнефтгаз» Миллий ҳолдинг компанияси тизимида 12 минг ходим қисқартирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 июнь кунги нефть ва газ саноатининг бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги 3107-сонли қарорида назарда тутилган. Қарор матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган.

Давлат раҳбари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ишдан бўшатиладиган ходимлар янги ишга жойлашишида кўмаклашиш вазифасини топширган, деб ёзади Kun.uz.

Қарорга кўра, «Ўзбекнефтегаз» МХК, «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АК, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзнефтмаҳсулот» АК ва «Ўзнефтгазмаш» АКнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилди. Эндиликда бу тузилмалар акциядорлик жамиятларига айлантирилади. Қатор ташкилотлар қайта ташкил этилади ёки «Ўзбекнефтгаз» ва унинг акциядорлик жамияти таркибидан алоҳида ташкилот сифатида чиқарилади.

«Ўзбекнефтгаз» таркибида «Ўзбекнефтгаз» ва унинг акциядорлик жамиятлари таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан маҳсулотларини экспорт қилишга ихтисослашган «Нефтгазекспорт» МЧЖ тузилади.

«Ўзтрансгаз» минтақалараро унитар корхоналарининг 6та базаси қошида 14та газ таъминотининг ҳудудий филиаллари, «Ўзнефтмаҳсулот»нинг 23та унитар корхоналари базаси қошида эса нефть маҳсулотларининг реализациясини амалга оширувчи МЧЖ шаклидаги 15та минтақавий ташкилот ташкил этилади. Шу билан бирга туман ва шаҳар газ таъминоти филиалларининг туманлараро газ таъминоти участкалари, шунингдек, нефть маҳсулотларини сақлаш ва реализация қиладиган паст рентабелли объектлар сони оптималлаштирилади.

«Ўзбекнефтгаз»га нефть ва газ саноати структурасини чуқур ўзгартириш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш, шунингдек, аҳолининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган иқтисодий эҳтиёжини қондиришдан каби вазифалар қўйилган.

«Ўзтрансгаз» АЖга транспорт магистрал газ қувурлари ва газ тақсимлаш тармоқларини такомиллаштириш, сотилган газ ҳисобини юритиш, даромаднинг тўлиқ тушишини йўлга қўйиш, газнинг йўқотилиши, асоссиз ва норационал сарфланишига барҳам бериш, газ тармоқларига ноқонуний уланиш ва газ ўғирлаш ҳолатларига барҳам бериш бўйича чораларни қўллаш йўли билан мамлакат истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш юзасидан вазифалар юклатилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.