«Ўзнефтмаҳсулот» нега бензин танқислигига ойдинлик киритди

«Ўзнефтмаҳсулот» нега бензин танқислигига ойдинлик киритди

«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар кузатилаётгани юзасидан мурожаат билан чиқди.

Бу ҳолат ҳайдовчиларнинг эътирозларига ва турли миш-мишларга сабаб бўлаётганди. Компания сайтида эълон қилинган мурожаатда юзага келган вазият «Ўзнефтмаҳсулот» билан боғлиқ бўлмаган сабабларга алоқадор экани айтилади.

«Биринчидан, дейилади хабарда, шаҳримизга вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида турли йўллар билан керагидан ортиқча миқдорда автобензин олиб чиқиб кетишмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида компаниямиз томонидан «Ўздавнефтгазинспекция» ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бирга профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда».

Иккинчи сабаб сифатида аҳоли орасида АЁҚШларда автобензин камайиб кетиши ҳақидаги хабарнинг тарқатилаётгани кўрсатилган. «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси нефтни қайта ишлаш заводлари ёнилғи маҳсулотларини етарлича ишлаб чиқараётгани ва бундан буён АЁҚШларга нафақат белгиланган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш режалаштирилганини билдирди.

Мурожаатда айрим автомобил эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришишгани, хавфли ёнилғи маҳсулотларининг махсус мослаштирилмаган жойларда сақланиши кўнгилсиз воқеаларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.

Тўртинчи сабаб сифатида автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги кўрсатилади. Бу автобензин истеъмолининг борган сайин ортиб боришига олиб келаётгани, бироқ компания автобензин ишлаб чиқариш кўрсаткичларини белгилашда бу омилни ҳам назарда тутганлиги маълум қилинади.

Мурожаатда «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўраётганлиги билдирилган.

Компания раҳбарияти мурожаатда Тошкент аҳолиси ва меҳмонларини турли шов-шувларга ишонмасликни ва хавотирга берилмасликни, эҳтиёждан зиёд миқдорда ёнилғи ғамламасликни ҳамда фаол фуқаролик позициясида туриб, юқорида баён этилган омилларнинг олдини олишда яқиндан ҳамкорлик қилишни сўраган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.