“Ўзнефтмаҳсулот”: вилоятлардаги бензин тақчиллиги сунъий равишда юзага келмоқда

“Ўзнефтмаҳсулот”: вилоятлардаги бензин тақчиллиги сунъий равишда юзага келмоқда

Айни кунларда республикамизнинг Андижон, Хоразм, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида кузатилаётган ёнилғи тақчиллиги сунъий равишда юзага келмоқда. Бу ҳақида “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ матбуот хизматидан UZ24 нашрига хабар қилинди, деб ёзмоқда Sof.uz.

Компания маълумотига кўра, ҳафтада 2-3 маротаба ҳудудлардаги АЁҚШларда бензин йўқлигидан шикоят қилиб қўнғироқ қилаётганлар бор, шикоятларда чайқовчиларнинг ёнилғини кўчада ноқонуний сотаётгани ҳам айтилмоқда.

“Республика бўйлаб барча АЁҚШларга ёнилғи етказиб бериш жадвал асосида бажарилади. Куннинг иссиқ бўлиши ва хавфсизлик сабабли ёнилғи эрта тонгдан сотила бошлайди. Куннинг ярмига келиб эса бензин тугайди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида. — Лекин бу бензин тақчиллигининг асосий сабаби эмас. Хусусий АЁҚШлар қўшимча даромад олиш мақсадида ёнилғини олиб-сотарларга пуллайди ва натижада сунъий тақчилик юзага келади.

“Ўзнефтмаҳсулот” қайд этишича, ҳозирда компания жойларда рейдлар ўтказмоқда.

Таъкидлаш керак, вилоятларда, хусусан, Андижонда бензин етишмовчилиги ҳақида Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари ёзишмоқда. Улардан бири бугун (27 июнь куни) АЁҚШга бензин келганини, бошқа кунлари йўқ бўлганини ва уни 4 минг сўмдан сотиб олганини хабар қилган.

“АЁҚШларда бензин йўқ, лекин кўчадан 4 минг, 4,5 минг сўмга олса бўлади”.

“Бугун эрталаб машинамга 40 литр ёнилғи қуйдим. Машиналар жуда кўп, АЁҚШнинг 4 та қатори баравар ишлади ва менга 12 минут вақт кетди. Соат 11 да эса бензин қолмади”, — дейди яна бир фойдаланувчи.

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркманистон, Қозоғистон, Россияга қилган ташрифлари давомида Ўзбекистонни углеводород ёнилғиси билан таъминлаш бўйича қатор битимлар имзолади. 2020 йилда йилига 5 млн тонна ёнилғи ишлаб чиқариш қувватига эга Жиззах нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилиши режалаштирилган. Буларнинг бари республикамизда ёнилғи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган”, дея қўшимча қилди “Ўзнефтмаҳсулот”.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.