Pagani 2,3 млнлик “энг мураккаб” суперкарини тайёрлади

Pagani 2,3 млнлик “энг мураккаб” суперкарини тайёрлади

Италиянинг суперкар ишлаб чиқарувчи Pagani компанияси Huayra родстерини расман тақдим этди. Компания асосчиси уни “энг мураккаб лойиҳа” деб атади. Бундай автомобилдан ҳаммаси бўлиб юзта тайёрланади. Улар, ҳатто, сотилиб бўлганини айтиб ўтиш лозим. Huayra 2 280 000 евро нархда баҳоланмоқда.

Родстер учун янги монокок ишлаб чиқилган. Композит материаллар, карбон ва титандан унумли фойдаланилганлиги ҳисобига машина анча енгиллашган бўлиб, соф вазни 1280 кгни ташкил қилади. Шу билан бирга конструкциянинг қаттиқлиги 52 фоизга ортган. Huayraнинг энг енгил варианти 1218 кгли купедир.

Суперкар икки хил том билан харидорга таклиф қилинади. Бири шаффоф шиша томли бўлса, иккинчиси карбон каркасли юмшоқ томдир. Уни суперкарнинг юкхона бўлмасига тахлаб қўйса бўлади. Томларни осон ва тезгина йиғиштириш ва тиклаш мумкин.

Pagani Huayra Roadsterнинг 6 литрли V12 твинтурбо моторининг қуввати 764 от кучига тенг. Агрегат 7 поғонали роботлашган трансмиссия билан ишлайди. Родстернинг динамик кўрсаткичлари батафсил айтилмади. Оддий Huayra купеси (730 о.к.) юз тезликка 3,3 сонияда чиқади. Энг юқори тезлиги 370 км/соат.

Родстернинг осмаси замонавийлаштирилган. Карбон-керамикали Brembo тормоз механизмларига эга. Олдида 20 дюймли, орқасида 21 дюймли алюминий ғилдирак дисклари бор.

Қимматбаҳо родстер март ойида Женевада жаҳонга намойиш этилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"