«Парижда нима гаплар» ёки автосалоннинг 11 янгилиги

«Парижда нима гаплар» ёки автосалоннинг 11 янгилиги

Бу йилги мотор-шоуга кўплаб йирик брендлар келмади. Ford иш графиги тўғри келмаганини сабаб қилиб кўрсатди, Mazda француз брендлари билан омма эътиборини талашмасликка қарор қилди. Парижга Volvo келмади, шунингдек, Aston Martin, Rolls-Royce ва Lamborghini люкс брендлари ҳам иштирок этгани йўқ. Bentley ва Lamborghiniни ўз ичига олган VW эса Парижга сафар харажатларини тежаб “Дизелгейт” чиқимларига ишлатишга қарор қилган кўринади.

Шунга қарамасдан Париж автосалони жаҳон автосаноатида диққатга молик воқеадир. Кўплаб брендлар янги русумларни намойиш этишди. Кимдир таниқли автомобилининг қиёфасини дадиллик билан ўзгартирган, кимдир ўзини янги сегментда синамоқчи.

Audi Q5

Audiнинг янги кроссовери қиёфаси Q7 услубидадир. Русум асосида MLB evo платформаси ётибди. “Ауди”нинг A4дан Q7гача деярли барча эски русумлари шу платформага қурилган. Q5 ўзидан аввалги русумдан 100 кгга енгил бўлиб, жиҳозланган ҳолатда 1600 кг тош босади. Олд ва орқа осмалари беш ричагли схемада тайёрланган. Махсус версияларига турли иш алгоритмига эга бўлган электрон бошқарувли амортизатор ўрнатилади.

Audi Q5

190 ва 252 от кучига эга бензинли моторлари бор. Бундан ташқари гибрид модификацияси ишлаб чиқарилади. Унинг қуввати 300 от кучига тенг, электр билан эса камида 50 км юриши мумкин.

Land Rover Discovery

Discoveryнинг бешинчи авлоди Discovery Sport қиёфасидан ранг олган, аммо бир оз узун – 4970 мм ва бўйи паст. Ғилдираклар базаси 38 ммга ортган. Йўлтанламаснинг асос версияси беш ўринли, қимматроғининг эса учинчи қатор ўриндиқлари бор. SUV орқа ўриндиқларини синхронлаштирилган смартфон ёрдамида тахлаш мумкин бўлган дунёдаги биринчи автомобилдир.

Land Rover Discovery

Дунё бозорига авторусум тўрт хил (180, 240, 249 ва 350 от кучига эга) мотор билан чиқади. Барчасида автомат қути ишлайди.

Kia Rio

Корейс автомобилининг ташқи кўриниши Германия, АҚШ ва Жанубий Кореядаги дизайн марказларда маҳаллий мижозлар қизиқишларини ҳисобга олиб ишланган. Салон медиатизимининг сенсор экрани бор, комплекс Android Auto ва Apple CarPlay тизимлари билан ишлайди. Хэтчбекка 1 литрли бензинли мотор ўрнатилган бўлиб, дамлаш (наддув) ва ёнилғини бевосита юбориш технологияси асосида ишлайди.

Жанубий Кореядаги Сохари заводи Европа бозори учун Rio ишлаб чиқаради. Янги русум 2017 йилдан бошлаб савдога чиқарилади.

Skoda Kodiak

Янги йўлтанламас “Шкода” тарихидаги энг катта автомобилдир. Уч қатор ўриндиқлари бор. Чехлар ўз автомобилининг фойдали функциялари кўплиги билан ғурурланади. Масалан, эшик қиррасини ҳимоялаш тизими, уйқу ёстиқлари тўплами ёки орқа қатордаги йўловчилар билан алоқалашишга мўлжалланган микрофонлар ўрнатилган.

Skoda Kodiak

Skoda Kodiaqнинг барча двигателлари Евро-6 меъёрларига тўғри келади, старт-стоп тизими ва тормозлаш энергиясини рекуперациялаш функцияси бор.

Audi A5 Sportback

Янги хэтчбек “ака”сидан 21 ммга узайди. Юкхонаси ҳажми аввалгидек 480 литрни ташкил этади, бироқ орқа қаторда оёқ қўйиш учун жой бироз кенгайди. Турли элементларининг оптималлаштирилиши натижасида 100 кгга яқин вазн ташлади. Ускуналар панели виртуалга ўзгарди. Марказий дисплейининг диагонали 12,3 дюймга етди.

Audi A5 Sportback

354 от кучига эга бензинли Audi S5 Sportback юз тезликка эришиши учун 4,7  сония кифоя. 190 ва 252 от кучига эга моторларининг ҳажми 2 литр. Бундан ташқари 3 литрли турбодизели 218 ёки 286 от кучини етказиб беради.

Hyundai i30

i30 хэтчбегининг авлоди алмашинди. Кузов чизиқлари ҳашаматли тус олди, янгича радиатор панжараси қўйилди. Салон дизайни минимализм услубида ишланган. Янги машинанинг ўлчамлари 4340×1795×1455 мм. Бошқача айтганда аждодларидан узунроқ, пастроқ ва кенгроқдир. Ғилдираклар базаси ўзгармай қолди – 2650 мм. Юкхонаси ҳажми 19 литрга ошиб, 395 литрга етди.

Hyundai i30

Хэтчбекнинг кузови қаттиқ ва енгил материалдан ишланган, платформасига ишлов берилган. 1,4 (140 от кучи) ва 1 (120 от кучи) литрли моторлар билан чиқарилади, шунингдек, 1,6 литрли (95, 110 ва 133 от кучи) турбодизелли версияси бор.

Renault/Dacia Logan, Sandero, Logan MCV

Renault Парижда ҳамёнбоп Dacia оиласини янгилади. Logan седани, Sandero хэтчбеки ва Logan MCV универсали бу оилага мансубдир. Машиналарнинг радиатори панжараси, фараси ва бошқа чироқлари алмашди. Тўрт кегайли рулнинг гупчагига клаксон (механик сигнал) қўйилди. Олд ойнакўтаргичларни бошқариш тугмаси энди консолда эмас, эшикда жойлашган. 75 ва 110 от кучига эга версиялари харидорга таклиф қилинади.

Renault Dacia Logan, Sandero, Logan MCV

RenaultDacia Logan, Sandero, Logan MCV 2

Renault Dacia Logan, Sandero, Logan MCV 3

Янгиланган Dacia йилнинг охиригача Европада савдога чиқади.

Suzuki Ignis

Ignis кроссовер аталса-да туби ердан атиги 180 мм баландликда. Унинг 1,2 Dualjet моторининг қуввати 60 от кучига тенг. Тежамкор кроссоверда SHVS (Smart Hybrid Vehicle by Suzuki) гибрид тизими бўлиб, машина секинлашганда электр энергиясини рекуперациялайди ва литий-ионли батареяга беради.

Suzuki Ignis

Япон машинаси пачоққина кўринса ҳам йўлдаги пиёдалар ва машиналар билан тўқнашиш хавфини сезадиган, ҳайдовчининг чарчаганлигини кузатиб турадиган видеокамералари бор. Кроссоверча келаси йилнинг бошидан сотилади.

Citroen C3

Citroen C3 хэтчбеки тубдан ўзгаришга учради. Ўзига хос олд чироқлари, кузовининг қора ҳошиялари бошқалардан ажратиб туради. Интерьери ҳам ўзига хос тарзда сайқалланган. Янги С3 50 ммга узайди, ғилдираклар базасига 74 мм қўшилди, юкхонаси эса аввалгидек 300 литрлигича қолди.

Citroen C3

Автомобилга 1 (68 от кучи) ва 1,2 (82 от кучи) литрли атмосферали мотор, шунингдек 1,2 литрли (110 от кучи) турбомотор ўрнатилади. 75 ва 100 от кучига эга бўлган дизелли версиялари ҳам мавжуд. Кузови тўққиз тусда тақдим этилади.

Porsche Panamera Hybrid

“Панамера” гибридининг аввалгиларидан фарқли жиҳати электромотори дарҳол иш бошлашидир. Яъни аввалгидек газ тепкиси 80 фоизга босилиши шарт эмас. Электрда юрганда йўл захираси 20 кмга ортиб, жами 50 кмни ташкил қилди. Электр кучи билан соатига 140 км тезликда ҳайдаш мумкин. Машина 100 кмга ўртача 2,5 литр ёнилғи сарфлайди.

Porsche Panamera Hybrid

Асосий бензинли мотори 330, электромотори 136 от кучига эга. Соатига 100 км тезликка эришиши учун 4,6 сония етарли. Энг юқори тезлиги 278 км/соат.

Smart EV

Ихчам ва кўркам машинани ишлаб чиқарган компаниянинг барча русумлари электрли версиясига эга. Бу жиҳатдан у дунёда ягона саналади. Купеси ҳам, кабриолети ҳам 82 от кучига эгадир. ForTwo купеси 11,5, кабриолет  11,8, ForFour эса 12,7 сонияда юз тезликка чиқади. Барча компакткарларнинг максимал тезлиги соатига 130 кмдир.

Smart EV

17,6 кВт•соат сиғимли батареяси бор ForTwo купесининг йўл захираси 160 км; ForTwo кабриолети ва ForFourники 155 км. Маиший розеткадан қувватлаш учун 2,5 соат вақт керак. Бу Smartнинг олдинги авлодини зарядлаш вақтидан икки баробар қисқалиги эътиборга молик. Махсус зарядлаш ускунаси ёрдамида токка тўйдириш вақтини 40 фоизга қисқартирса бўлади. Келгуси йили немис инженерлари батареяларни атиги 45 дақиқада зарядлайдиган қурилма тайёрламоқчи.

Жаҳон автосалонларига оид хабарларни кузатиб боришни ва автомобиль дунёсидаги энг сўнгги янгиликлардан тез хабардор бўлишни истасангиз carzone.uz сайтини кузатиб боринг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"