Поездлар кечикиши билан боғлиқ ҳолатларга изоҳ берилди

Поездлар кечикиши билан боғлиқ ҳолатларга изоҳ берилди

9 август куни Халқаро Пресс-клубнинг «Ўзбекистон темир йўллари: янги лойиҳалар ва замонавий хизмат» мавзусига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Анжуманида «Кун» мухбири «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти вакилларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

«Чипталар нархлари нега қиммат? Келгусидаги режаларга чипталар нархини арзонлаштириш киритилганми? Сабаби, сотилаётган чипталар нархининг аҳоли даромади билан мутаносиб эмаслигини кузатамиз.

Иккинчи савол: Нима учун поездлар кечикиб келиши ҳолатлари кузатилмоқда? Ушбу масалалар юзасидан қандайдир чора-тадбирлар кўрилмоқдами?».

Мазкур саволларга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ сотувлар ва сервис хизматлари бўйича раҳбари Дилмурод Ниғмонов жавоб берди:

«Вокзалларда чипта нархлари анча йиллардан бери ўзгармай келмоқда. Чипта нархлари давлатлар ўртасидаги келишувларга биноан белгиланади. Жорий йилнинг апрель-март ойидан бошлаб Молия вазирлиги томонидан маҳаллий йўналишлардаги чипталарга маълум бир чегирмалар бериб бориш вазифаси юклатилган эди. Йилнинг охиригача 15-16-17 фоиз чегирмалар билан чипталар сотиб бориш мақсад қилиб белгиланган».

Дилмурод Ниғмоновнинг сўзларига кўра, поездларнинг кечикиши ҳолати маълум техник сабаблар асосида содир бўлади. Айрим ҳолларда фақатгина йўловчиларнинг хавфсизлигини кўзлаган ҳолда поездларни кечроқ қўйиб юборишга тўғри келади.

«Агарда биз поездлар ўз вақтида етиб борсин деб, техник созланишларини текширмай, қўйиб юборсак, фуқаролар саломатлигига хавф солишимиз, жиноятга қўл урган бўлиб чиқишимиз мумкин. Йўловчиларнинг 5-10 дақиқа кеч борса ҳам, ўз манзилига соғ, омон етиб олиши биз учун муҳим», дея қўшимча қилган Ниғмонов.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.