Polestar: ярми швед, ярми чин

Polestar: ярми швед, ярми чин

Хитойда Polestar брендининг илк қалдирғочи тақдим этилди. Volvoнинг швед русумларини ишлаб чиқарувчи бўлинмаси Polestar 1 деб номланувчи гибрид купени кўрсатди. Купе асосида (SPA) Volvo платформаси ётибди, бироқ унинг ярмини “Полестар” инженерлари бутунлай янги ясаган.

Автомобилнинг тўрт цилиндрли бензинли мотори ва икки электромотори бор. Моторларнинг жами қуввати 600 от кучини ташкил этади.

34 кВт•соат қуввати бор батареяси 150 км йўл босиш имконини беради. Polestar 1нинг бошқа хусусиятларидан карбонпластикли кузови, шиша панорамали томи, чарм сирилган салонини санаб ўтиш мумкин.

Polestar 1ни 2019 йилнинг ўрталарида сотиб олиш мумкин бўлади. Дарвоқе, харид учун автосалонга қадамранжида қилиш шарт эмас, мобиль илова ёрдамида буюртма қилса бўлади.

Биринчи русумнинг ортидан Polestar 2 ҳам чиқарилади. Шведлар уни Tesla Model 3нинг рақиби дея тавсифламоқда. 2021 йилда эса Polestar 1 электрли кроссовери ишлаб чиқарилади. Уччала русум ҳам Хитойнинг Ченду заводида тайёрланади.

Автомобиль учун асосий бозор сифатида Хитой танланган. Албатта, бу бежизга эмас. Ҳозир дунёда сотилаётган экологик автомобилларнинг 40 фоизи Хитойга тўғри келяпти. Бир йилда Хитойда 300 мингдан зиёд электромобиль ва гибрид машиналар сотилади. Бу Шимолий Америкадаги кўрсаткичдан икки баробар кўп.

Айтиб ўтиш керакки, гибрид ва электрли автомобиллар дунё автобозорининг 3 фоизини олиб қўйди. 2025 йилда эса 9 фоизига эгалик қилади. Албатта, бунда ҳам катта ҳисса Хитойникидир.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"