Польша маҳаллий автосаноатини тиклайди

Польша маҳаллий автосаноатини тиклайди

Syrena маркасига қарашли AK Motors компанияси жаҳон талабига жавоб берадиган шаҳар электромобилларини чиқармоқчи.

Syrena автомобиль маркаси 1957 йилдан 1983 йилгача ишлаб чиқариш билан шуғулланган. У бизга яхши таниш “Победа” автомобилини ҳам лицензия билан Warszawa номи остида чиқарган. 2012 йилда поляк тижоратчиси Аркадиуш Камински AK Motors компаниясини тузди ва Syrena маркасининг барча ҳуқуқини қўлга киритди. Компания энди эски брендни қайта тиклаб, бирданига тўрт русум ишлаб чиқармоқчи.

Ҳозирча, поляк фирмаси айрим прототипларни кўрсата олади холос. Аммо келажакда Камински “Сирена”ни миллий брендга айлантирмоқчи. Шунинг учун машинанинг ипидан игнасигача полякча бўлишига эътибор қаратиляпти – дизайни, инженерлар, материаллар ва ҳоказо. Қизиғи шундаки, AK Motorsнинг штаб-квартираси… Торонтода жойлашган. Ўтган йили Камински келажак электромобилларники бўлгани учун экологик транспорт ишлаб чиқаришини маълум қилган.

“Поляк корхоналари ва фанининг салоҳияти шунчалик баландки, биргаликда зўр бериб бу сегментда етакчига айланиш мумкин. Нафақат мамлакатда, балки дунёда ҳам”, дейди Аркадиуш Камински.

Энг аввал икки ўринли Syrena Nixi ихчам шаҳар автомобили чиқарилади. Кейинроқ русумлар бўғими тўрт ўринлисигача кенгайтирилади.

Дастлабки олинган хабарларга кўра, тўла заряд олган Syrena Nixi 150 км йўл босишга қодир. Махсус зарядлаш терминалида ўн беш дақиқада батареяни 90 фоизгача қувватлантирса бўлади.

Электромобилсозларнинг ҳисоб-китобига қараганда, бундай машинада 100 км юриш 6 злотийга (бир ярим долларга яқин) тушади. Янги компанияни келгусида илм-фан, бизнес, ҳукумат органлари ва лойиҳадан манфаатдор бўлган доиралар қўллаб-қувватласа, янада яхши кўрсаткичлар намойиш этиши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"