Президент Сирғалидаги метро қурилишини бориб кўрди (видео)

Президент Сирғалидаги метро қурилишини бориб кўрди (видео)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Сирғали туманида амалга оширилаётган метро қурилиши билан танишди. Бу ҳақда ЎзАга асосланиб, Sof.uz ёзмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сирғали туманида метро йўлини қуриш ўта мураккаб жараён. Шу боис мазкур йўналишдаги метро ер усти бўйлаб, эстакадалар орқали ташкил этилади.

Чилонзор йўналишининг «Олмазор» бекатидан бошланадиган Сирғали йўналишида олтита бекат бунёд этилади.

2017—2020 йилларга мўлжалланган мазкур қурилишга 170,1 миллион доллар сарфланади. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи мазкур иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда.

Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган транспорт йўли Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сирғали туманининг Спутник мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради.

«Қурилишда фойдаланилаётган техника турларига алоҳида эътибор бериш кераклиги таъкидланди. Бундан ташқари геология масалалари ҳам диққат марказида бўлиши керак», — деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон Президенти янги қурилаётган ер усти метроси ёнидан ўтадиган кўча атрофида икки ва уч қатор дарахт ва гуллар экилиши лозимлигини таъкидлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.