Профессионал ҳайдовчилар тез орада ишсиз қолади

Профессионал ҳайдовчилар тез орада ишсиз қолади

Россиянинг “Авто Плюс” телеканали таниқли блогер ва жамоатчилик арбоби Петр Шкуматов билан суҳбат ўтказди ва автомобиль оламининг келажагига назар солди. Блогер фикрига кўра илғор технология мислсиз қулайликлар яратиш билан бирга ҳайдовчилик касбининг келажагини йўққа чиқаради. Бу кунларга эса оз қолди.

-Петр, ҳайдовчисиз автомобиллар ҳаётимизга кириб келишига жуда оз қолдими?

— Албатта, бу ҳазил эмас. Авто ишлаб чиқарувчилар ва ҳукумат режалари амалга ошса, ҳайдовчилик касби тамоман йўқолиб кетиши мумкин. Бу худди ХХ аср бошларида извошчи ва аравакашлар йўқолиб кетгани сингари рўй беради. Автомобилсозликда янги технологиялар жорий этилганда машинани одам эмас компютер бошқаради. Гарчи кўплаб ҳайдовчилар бунга катта шубҳа билан қарасалар-да, ҳукуматимиз “Автонет” лойиҳасини эълон қилди, машиналарнинг ҳайдовчига эҳтиёжи йўқолиши санаси унинг бошламасида  қайд этилган – 2035 йил. Бу ҳукуматимизнинг режасигина холос, Буюк Британияда эса 2020 йилдан бошлаб умумфойдаланиш йўлларида ҳайдовчисиз автомобиллар юришни бошлайди. Гап, ҳозирча, ҳайдовчисиз транспортни синаш ҳақида кетяпти, аммо 2025 йилга бориб автоном автотехнологиялар бозорида британияликлар жаҳонда етакчига айланишни режалаштирган. Ҳайдовчисиз автомобиллар савдоси бу вақтга бориб 1 трлн еврога етади, бу жуда баланд кўрсаткич.

— Шундай қилиб, ҳайдовчисиз автомобиллар барибир ҳайдовчилардан устун келиб уларни сиқиб чиқарадими?

— Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, ҳайдовчисиз автомобиллар ҳаракат хавфсизлигини мисли кўрилмаган даражада таъминлайди. Бунга С2С (car 2 car) технологиясини қўллаш орқали эришилади. Ушбу технология радиосигнал орқали автомобилларнинг ўзаро алоқаси қилишига имкон беради. Бундан ташқари, компьютернинг кўриш майдони шунчалик ривожланадики, ҳозиргидек ҳайдовчининг ўзи кўриб турган доирани эмас, автомобилнинг теварагини ҳам электрон “кўз” назорат остида тутади. Масалан, қуйидаги ҳолатни келтириш мумкин. Кечаси йўлда кетаётиб ҳайдовчи тўсатдан чуқурчани кўриб қолади ва айланиб ўтиш учун ўнг полосага кескин буради. Ўнг полосада эса бошқа машина келаётганлиги учун тўқнашув рўй беради.

— Бундай вазиятда ҳайдовчисиз автомобиль қандай йўл тутади?

— Чап ёқда келаётган ҳайдовчисиз автомобилнинг сезгир қурилмаси йўл-йўлакай чуқурчани пайқайди. Бошқа сенсор эса қўшни полосада бошқа автомобиль келаётганини аниқлайди. Сўнг компьютер чуқурчани айланиб ўтишга қарор қилади ва ўз “тил”ида қўшни автомобилдан четроқ юришни илтимос қилади. Ушбу мулоқот яшин тезлигида кечаётганлигига эътибор беринг! Иккинчи автомобиль шошилинч илтимосномани қабул қилиб четроқ сурилади. Давоми янада қизиқ кечади. Борт компьютери маълумотлар марказига йўлнинг муайян қисмида хавфли ўйиқ борлигини етказади. Марказий компьютер эса ушбу йўлда келаётган автомобилларни шу заҳотиёқ огоҳлантиради. Бундан ташқари марказий компьютер дарҳол йўл хизматига боғланиб йўлдаги нуқсонни тузатиш кераклигидан огоҳлантиради. Шундай қилиб транспорт воситалари қўққисдан йўлдаги чуқурчага дуч келиш эҳтимоли йўқолади ва улар ўйиқни бехавотир айланиб ўтишади.

— Бундан ҳайдовчисиз автомобилнинг энг катта афзаллиги хавфсизлиги эканлиги келиб чиқади, шундайми?

— Нафақат хавфсизлиги. Автомобилни бошқарадиган робот маош талаб қилмайди, ижтимоий нафақа ва ўзига алоҳида эътибор сўрамайди. Кечаю кундуз хизмат қила олади, техника яраса бўлгани. Бу логистика компаниялари учун мислсиз имкониятлар эшигини очади: энди улар ташиш узоқлигини икки баробар узайтиришади, қолаверса, хавфсизлик даражаси ошади, чунки робот толиқиб қолмайди. Юк машинасида узоққа қатновчи ҳайдовчи бир кунда 700 км йўл босади, ортиғига ярамайди. Ҳайдовчисиз фура эса 2000 км йўл босиши мумкин. Агар ҳайдовчисиз фура янада такомиллаштирилса, суткасига 2500 км юриш унга чўт эмас. Бу юк ташиш ва логистика тармоқларида йилига юзлаб миллиард еврони тежаш деганидир.

— Қандай салбий тарафлари бор?

— Инсон робот билан беллаша олмайди. Юқорида келтириб ўтилган афзалликлари, технологиялар тантанасидан ташқари масаланинг ижтимоий хатари мавжуд. “Пробковорот” лойиҳаси координатори Виктор Осипков “Ҳафта якуни” дастурида айтиб ўтганидек, кун келиб кўплаб ҳайдовчилар бир вақтда ишларидан ажраб қолиши мумкин. Бу муаммо қандай ҳал этилишини вақт кўрсатади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"