Қамчиқ довонида автомобиллар учун янги туннелни қуришда Хитой компаниялари иштирок этади

Қамчиқ довонида автомобиллар учун янги туннелни қуришда Хитой компаниялари иштирок этади

Қамчиқ довонидан автомобиллар ўтиши учун барпо этилажак янги туннел Хитой компанияларининг иштирокида амалга ошириладиган бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга уюштирган давлат ташрифи мобайнида бир қатор инфраструктуравий шартномалар имзоланди ва улар орасида Қамчиқ довонида қурилажак янги туннелга тегишли шартномалар ҳам бор, деб ёзмоқда Kun.uz.

Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» ва Хитой етакчи компаниялари ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланган. Уларга кўра, хитойлик мутахассислар автомобиллар учун янги йўллар ва Қамчиқ довонидаги янги туннелни барпо этишда иштирок этишади», — деган «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг бош инженери Ҳусниддин Ҳосилов «Ўзбекистон» телеканалига берган интервьюсида.

Айни пайтда мутахассислар Ўзбекистон мустақиллиги тарихида энг йирикларидан бири бўлувчи, бошланғич қиймати 175 миллион АҚШ долларига баҳоланаётган ушбу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлашмоқда. Хитой томони лойиҳани молиялаштиришда ҳам иштирок этади.

«Қамчиқ-2» деб ном олган янги лойиҳага кўра, айни пайтда фойдаланилаётган туннеллар остидан янгиси қурилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги барпо этиладиган туннел кенгроқ, ўтказиш қобилияти кўпроқ ва мутлақо хавфсиз бўлади ҳамда у замонавий шамоллатиш ва ёритиш тизими билан таъминланади. У қурилиб бўлингач, ҳозир фойдаланилаётган туннеллардан захира йўлаги сифатида фойдаланилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.