Қарши–Термиз йўналишида 183 км темир йўл электрлаштирилди

Қарши–Термиз йўналишида 183 км темир йўл электрлаштирилди

Қарши–Термиз темир йўл йўналишининг умумий узунлиги 325 километр бўлиб, Дарбандгача 183 километрли йўл тўлиқ электрлаштирилди ва электровозлар ҳаракати йўлга қўйилди. Бунинг учун 10 000 га яқин туташтирув-таянч устунлари учун махсус чуқурлар қазилиб, 8 000 га яқин пойдевор, 7 520 дан зиёд темир-бетон ва металл-таянчлар, 4200 дан ортиқ консоллар ўрнатилди. Ушлаб турувчи тросс ҳамда контакт симлари тортилди.

Ҳозирда “Дарбанд–Термиз” участкасида ҳам қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда. Қарши–Термиз темир йўлининг электрлаштириш ишларида сўнгги замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда. Жумладан, Франциядан келтирилган 3 та дрезина мазкур линияга жалб қилинган, шунингдек, 3 та махсус ишчи поезд белгиланган ишларни тезроқ, сифатли бажаришда муҳим омил бўлаётир. Керакли барча эҳтиёт қисмлари ўз вақтида етказиб берилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг овқатланиши ва дам олишлари учун зарур шароитлар яратилган.

Электрлаштириш лойиҳалари асосида “Ўзбекенерго” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда электр тортиш станцияларининг ташқи электр таъминоти бўйича қурилиш-монтаж ишлари ҳам олиб борилмоқда. Контакт тармоғини ўрнатиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар, асосан, маҳаллийлаштириш асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда, деб хабар берилмоқда Kommersant.uz сайтида.

Қайд этиш лозим, ҳозиргача мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги 6 500 километрдан ортиқ бўлса, унинг 1 700 километрдан зиёди тўлиқ электрлаштирилган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.