Қашқадарё вилоятидаги автойўллар модернизациялаштирилади

Қашқадарё вилоятидаги автойўллар модернизациялаштирилади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Қашқадарё вилоятидаги Қарши-Шаҳрисабз-Китоб автомобиль йўлларини кенгайтириш ва модернизациялаштириш учун 198 миллион АҚШ доллари миқдоридаги заёмни тасдиқлади. Бу сайёҳлик, мобилликни яхшилаб, ички ва ташқи савдонинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Бу ҳақда ОТБнинг матбуот хизматига асосланиб, Kun.uz  маълум қилди.

«Йўлларни модернизациялаштириш Марказий Осиё ва Европада савдо-сотиқни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг тутган ўрнини мустаҳкамлайди», — деди ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё Департаментининг транспорт бўйича бош мутахассиси Жангбо Нинг. Лойиҳа доирасида йўл объектлари яхшиланади ва хавфсизлик чора-тадбирларини жорий этиш орқали йўллар тартибга солинади, тегишли агентлик ва идоралар салоҳияти ривожлантирилади.

Яхши транспорт тизими, йўллар ҳамда автомагистраллар Ўзбекистон каби денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатларнинг асосий ўсиш двигатели ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон — Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (МОМИҲ) дастури иштирокчиси. Халқаро транзит трафик юк ташиш ҳажмининг деярли 10 фоизи ҳамда 88 фоиз маҳаллий юк ва йўловчи ташиш мамлакатимиз йўллари ва автомагистралларига тўғри келади. Йўл хавфсизлиги юртимизда алоҳида эътиборни талаб қилади.

Лойиҳа доирасида Қарши, Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарлари ўртасида мавжуд автомагистралнинг икки ҳудудини модернизациялаш кўзда тутилмоқда. Йўлларни модернизациялаш эвазига Қарши-Китоб автойўли бўйича ҳар кунлик трафикнинг йиллик ҳажми 2022 йилга қадар 14 000 автотранспорт воситасига кўпаяди. Кенг қамровда олиб қарайдиган бўлсак, мазкур лойиҳа халқаро савдо-сотиқ ва сайёҳлик ривожи, шунингдек йўллар хавфсизлигининг ошишига улкан ҳисса қўшади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 266,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати 68,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш ишларини ўз зиммасига олади. Лойиҳа асосидаги ишлар 2021 йилга бориб тугалланиши кутилмоқда.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.