Қайси бири зўр: корейс машинаси ёки япон машинаси?

Қайси бири зўр: корейс машинаси ёки япон машинаси?

Яқиндагина немис ва япон автомобиллари сифатини таққослар эдик. Аммо бугун Корея машинаси яхшими ёки Японияники деган ҳақли савол кўндаланг бўлмоқда. Қизиқарли савол. Кунчиқардаги бу икки қўшни сўнгги йилларда чиқараётган маҳсулотлар сифат жиҳатдан деярли тенглашиб қолди.

Албатта, японлар азалдан дунё автомобиль бозорининг наҳангларидан. У даврда корейслар машина ишлаб чиқаришини кўплар эшитмаган эди. Корейсларнинг дастлабки автомобилларини мақтаб бўлмасди, умуман олганда хитойча ривожланишни эслатарди. Аммо корейслар тезда ўзини ўнглаб олди ва йил сайин японларни қувиб етди. Бугун айрим корейс машиналари японларникидан ҳам сифатлироқ.

Япон автомобили деганда Toyota, Mitsubishi, Mazda, Honda брендларини эслаймиз. Корейс автосаноати кўз ўнгимизда Hyundai, KIA, Daewoo, SsangYong бўлиб гавдаланади.

Япон автомобиллари

Тилга олганимиздек, японлар автомобилсозликни аввалроқ бошлаганлиги боис ишлаб чиқаришда улкан тажриба тўплаган. Шунинг учун япон автомобилининг дунёда нуфузи юқори.

Двигатель

Мустаҳкам ва сифатли. Турболашган вариантлари ва оддий атмосферали моторлари бор. Инжиқ эмас, ишончли, 500 минг кмдан ортиқ йўл босишга қодир. Сўнгги йилларда MAZDA ва бошқа япон компаниялари двигатель конструкциясини такомиллаштирмоқда, хусусан, қуввати оширилмоқда, ёнилғи сарфи камайтирилмоқда. Бундан ташқари, инновацион деб аталаётган SKYACTIV двигателлари пайдо бўлди.

Трансмиссия

Механик трансмиссия ҳақида ниманиям ёзиш мумкин, у ишончли ва ҳамма автокомпанияларда 6талик узатма билан чиқарилмоқда. Аммо Toyotaнинг автомат қутилари яқинига йўлай кўрманг. Умуман олганда, японларнинг автоматик қутилари корейсларникидан яхши эмас. Японлар кўпинча автомобилига 4 ёки 5 узатмали автоматик қути ўрнатса, корейслар, ҳатто, арзон русумларига ҳам 6 узатмали автомат қўяди. Вариаторларининг камчилиги йўқ, бундай трансмиссияларнинг умри 300-400 минг кмга етади. Энг яхши вариаторлар Nissan русумларига ўрнатилади.

Узатма

Тўла ва олд узатмали турлари мавжуд. Олд узатма кенг тарқалган. Узатмалари сифатли ишланган, янги автомобилда бузилиб қолиш ҳолатлари ўта кам учрайди. Асосан 150 минг км босиб ўтгандан кейин таъмир сўрай бошлайди.

Осма

Энг яхшиларидан бири. Фақат Япония учун мўлжалланганининг клиренси (туби) жуда паст, хориж учун ишлаб чиқарилгани тегишли шароитга мосланади. 150 минг кмгача носозлиги чиқмайди. Дарвоқе, японлар янги русумларининг клиренсини 160-165 ммгача пасайтиради, буни биз учун хушхабар деб бўлмайди.

Кузов ва салон

Япон автомобилларининг қиёфаси жозибали ва тажовузкор бўлади. Дунё бўйлаб шайдолари кўп.

Салони илгари аъло даражада бўлган, аммо бугун тежамкорлик билан ёндашилаётгани ўриндиқ ва шовқин изоляциясида сезилади. Япон автомобиллари салонини ҳамиша қулай ва эргономик деб аташ қийин, масалан, Nissan Almera салонини олинг. Салон жўн, бироқ машина нархи қиммат.

Нарх ва кафолат

Очиғини айтсак, япон автомобиллари анча қиммат. Шу сабабли “нарх-сифат” категориясидан узоқлашмоқда. Оддий Toyota Corollaнинг пулига юқори синфга мансуб Volkswagen Passat сотиб олиш мумкин.

3-4 йилга 100-150 минг км йўл юришига кафолат берилади. Эҳтиёт қисмларининг нархи ўртача.

Келинг, энди корейс машиналарини кўриб чиқамиз.

Корейс автомобиллари

 Сўнгги 10-15 йилда корейс автомобилсозлари улкан сакрашни амалга оширди. Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, корейслар хитойлар каби нусха кўчирмайди, ўзиникини ишлаб чиқаради. Автомобиль жуда фойдали қурилмалар билан жиҳозланади, масалан, USB ва AUX портларни олинг. Ёки яккатезлик (круиз-контрол), рулда магнитолани бошқариш каби функциялари диққатга сазовор. Японлар бу каби функциялар учун қўшимча пул сўрайди. Корейсларники эса шунча қулайликлари билан ўртача нархда сотилади.

Двигатель

Корейсча двигателлар жуда ишончли, японларники сингари 500 минг км ва ундан ортиқ йўл юришга қодир. Корейслар двигатель қувватини ошириш ва тежамкорлаштириш борасида кўп ютуқларга эришган. Масалан, KIA ва Hyundaiнинг 100 кмга 5,9 литр ёнилғи сарфловчи 1,4 литрли двигатели 107 от кучига эга. Бу зўр натижа. Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, корейс двигателлари аъло ишлайди, 92 бензинни севиб истеъмол қилади.

Трансмиссия

Трансмиссия жиҳатдан корейслар японлардан ўзиб кетди. Корейс русумларининг деярли барига 6 поғонали автоматик узатмалар қутиси ўрнатилмоқда. Автоматик қутиси ҳам механик қутиси ҳам пухта ва ишончли. Трансмиссия 300-500 минг кмгача чидаб беради. Автоматик қутилари равон ва яхши ишлайди, машинани силтамайди. Бу тахлит қутилар, ҳатто, ҳамёнбоп “Рио” ва “Солярис”ларга ҳам қўйилмоқда. Вариатор йўқ, автомат қутининг ўзи соз бўлса, вариатор не керак?

Узатма

Асосан олд узатмали. Йўлтанламаслар тўла узатмали, премиум сегмент, масалан, KIA Quoris орқа узатмали. Корейс седан ва хэтчбеклари орасида тўла узатмалисини кўрмайсиз, чунки бунга эҳтиёж йўқ. Узатмалари ишончли, японларникидан қолишмайди. 100 минг кмдан сўнггина таъмир сўраши мумкин.

Осма

Илгари корейс машиналарининг осмаси 25 минг кмдан уёғига дош бермас эканлиги хусусида гап-сўз тарқаган. Аммо бу миш-миш, аслида корейс осмаси, ҳатто, японларникидан яхшироқ. Масалан, “С” синфдаги Hyundai Elantra Toyota Corollaдан афзалроқ. “В” синфдаги Hyundai Solarisнинг осмасига эса гап бўлиши мумкин эмас. 100 минг км ва ундан ортиқ йўл босишга етади.

Кузов ва салон

Кузов ва дизайн борасида ҳам корейлар японларни қувиб етди. Сифатли металл ва бўёғи, кузовининг жуда тор ва текис зазори билан ажралиб туради. Замонавий корейс автомобилларининг салони японларникидан афзалроқлигини қуйидаги фактлар исботлайди: улар салонни бойитмоқда, юмшоқ пластик қопламоқда, қулай ва эргономик ўриндиқ ўрнатмоқда. Ҳатто, ҳамёнбоп автомобилида ҳам томқопқоқ бор. Тураргоҳга автоматик равишда жойлаш каби қизиқарли функциялар кундан кунга қўшилиб бормоқда. Корейслар ўз маҳсулотларининг камчилигини тез пайқаб бартараф этади.

Нарх ва кафолат

Корейс автомобилларининг нархи чақиб олмайди. Масалан, премиум сегментга мансуб KIA Quorisни олайлик. У қиммат эмас, япон русумлари орасида бундай арзонини тополмайсиз.

Деярли барча русумларининг кафолати 5 йил ёки 150 минг км масофага етади. Бу борада рақибидан илғор. Эҳтиёт қисмларни ҳам кунчиқардаги қўшниларидан арзонроқ нархда сотади.

Хулоса

Узил-кесил хулоса ясайдиган бўлсак, бугунги корейс автомобиллари япон автомобилларидан сира ҳам қолишмайди, сифати, опциялари ва энг асосийси, нархи бўйича устунроқ дейиш ҳам мумкин. Агар “В” синф авто харид қилмоқчи бўлсангиз корейс машинасини олинг, “С” синфда ҳам корейс машинасига етадигани йўқ. Бордию, “D” синфдаги автомобилни кўнглингиз тусаса, унда япон автомобилини танлашингиз мумкин. Нима бўлганда ҳам танлаш ўзингизнинг ихтиёрингизда.

avto-blogger.ru асосида тайёрланди

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"