Қайси мамлакатда шиппак кийиб машина ҳайдаганлар катта жарима тўлайди?

Қайси мамлакатда шиппак кийиб машина ҳайдаганлар катта жарима тўлайди?

Машина ҳайдашда пойабзалга бефарқлик йилига миллионлаб ЙТҲларга сабаб бўлади. Айрим мамлакатларда автомобилни шиппак кийиб ёки ялангоёқ ҳайдаш тақиқланган.

Оёқ бошмалдоғи ва иккинчи бармоғи ўртасидан тасмачаси ўтказиладиган содда шиппакни биласиз. Айни шу пойабзални кийиб машина бошқарганлик учун француз полицияси 90 евро жарима солади. Испан полицияси эса 200 евро ундириб олади. Буюк Британия, Германия ва Италияда бу шиппакда машина ҳайдашга ижозат берилган, бироқ полиция ҳайдовчига даъво қўзғаши мумкин.

Оёққа эркин илиб олинадиган пойабзал билан тормоз тепкиси босилганда тўхташ вақти 0,13 сонияга кечикишини тадқиқотлар кўрсатди. Бу соатига 95 км тезликда келаётган автомобилнинг тормозланиш йўли 3,5 метрга узаяди, деганидир. Шиппак кийган оёқни газ тепкисидан тормоз тепкисига олишга 0,04 сония вақт сарфланади, туфлида эса бу вақт икки баробар камдир.

Шу билан бирга этик ва тоққа кийиладиган тагчарми қалин ботинка билан тепкини босиш ҳам ноқулайдир. Улар оёқни текис ҳаракатлантиришга халақит беради, ёнидаги тепкига оёқ илашиб қолиши мумкин. Ҳайдовчининг пойабзали махси-калиш каби оёқни енгил сиқиб туриши лозим.

Тадқиқотлар нотўғри пойабзал кийганлик учун фақат Британиянинг ўзида бир йилда 1,4 млн авария ва нохуш ҳолатлар рўй берганини кўрсатди.

Автомобилчиларнинг Қироллик клуби қуйидаги талабларга жавоб берувчи пойабзални кийиб машина бошқаришни маслаҳат беради:

  • енгил, сирпанмайдиган, тагчарми 10 ммдан ошмайдиган (бироқ жуда юпқа ва юмшоқ эмас);
  • оёқ бўғимини ҳаракатлантиришга монелик қилмайдиган;
  • тепкини босганда ёнидаги тепкиларга халақит бермайдиган.
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"