Қишга тайёр машина қанақа бўлади?

Қишга тайёр машина қанақа бўлади?

Интернет тажрибали ҳайдовчиларнинг мавзумизга оид мўл-кўл маслаҳатлари билан тўлиб-тошган. Сирасини айтганда сarzone.uz ҳам машинани қишга тайёрлаш хусусида қатор маслаҳатлар ҳавола этди. Қишнинг иккинчи ойига қадам қўйганимизга қарамасдан ёдимизга тушган қишки маслаҳатларни сиз билан баҳам кўришда давом этамиз. Мақсадимиз, сизга енгиллик яратиш.

Балиқчилар қўлқопи нафақат балиқчилар учун

Қиш қаҳратонида совуқ гаражга кириб музлаган рулни ушлаш ҳеч кимга ёқмайди. Иситиладиган рулга ҳамманинг қўли етавермайди. Жун қўлқоп кийманг – рул чамбарагида сирғалиб кетади. Иссиқ астарли чарм қўлқоп сирғанмайди, аммо қимматроқ. Бунинг устига салон исиши билан ечишга тўғри келади, чунки қўлни “қайнатиб” юборади. Бунинг чораси балиқчиларнинг неопрендан тикилган қўлқопидир. Улар муздек рулдан кафтларингизни ишончли ҳимоялайди, қолаверса бармоқлари тешиб қўйилганлиги учун терлатмайди.

Олд ойна учун иссиқ гиламча

Яна бир иккинчи даражали, бироқ фойдали ашё. Иситкич гиламча сигарет тутатгич тешигидан қувватланади. Унинг ёрдамида оёқ иситишни таклиф этаётганимиз йўқ.  Кўплаб машиналарнинг олд ойнаси иситилмайди. Туни билан музлаб қолган ойнага эрталаб гиламчани тўшаб иситиб қўясиз. Зум ўтмай ойнанинг музи қолмайди.

Глицерин терлашнинг олдини олади

Ташқари қанча совуса, машина ойнаси шунча қалин терлайди. Кондиционер бу муаммони қисман ҳал этиши мумкин. Аммо ҳамманинг ҳам кондиционери йўқ. Шу сабабли терлашга қарши бошқа воситалар излаш керак. Озгина спирт олинг ва уни глицерин билан тенг миқдорда аралаштиринг. Аралашмага латтани ҳўллаб ойнани артинг. Натижада ойна сиртида намдан ҳимояланган пленка юзага келади ва терлашга йўл қўймайди.

Фаралар учун “Антиёмғир”

Намгарчилик фаслида йўлдан сачраган кўлмак машина чироғини тўсиб қўйиши мумкин. Бундан ҳимояланиш учун фарага “антиёмғир” (антидождь) деб аталувчи препарат билан ишлов берса бўлади. Тўғри, “антиёмғир”дан, кўпинча, олд ойналарни ҳимоялашда фойдаланишади, бироқ фара учун ҳам бемалол ишлатиш мумкин.

Қишга видеорегистратор билан

Охирги маслаҳатимиз шуки, видеорегистратор сотиб олинг. Иложи бўлса икки камералисидан: бири йўналиш бўйича, иккинчиси орқани тасвирга олсин. Гап шундаки, қиш сирпанчиқ фасл, машина қилнинг устида юради, авария кўп. ЙТҲ юз берган ҳолатда видеоёзув айбсизлигингизни исботлашда сизга катта ёрдам бериши мумкин. Ҳожатбарорлар видеолавҳани интернетга юкласа, томоша қилганларга сабоқ бўлади.

news.rambler.ru асосида тайёрланди

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"