Қонунчиликдаги бўшлиқ бир инсон фожиасига сабаб бўлди

Қонунчиликдаги бўшлиқ бир инсон фожиасига сабаб бўлди

Бундан анча олдин Наманган вилояти, Чортоқ шаҳрида яшовчи Дилмурод Абдуллаев таҳририятимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Аризани бир эмас, икки қайта ўқиб чиқдим, муаллифига ачиндим. Аммо ҳис-туйғу билан иш битармиди, кимнингдир мушкули осон бўлармиди?! Йўқ, албатта.

Муаллифнинг ёзишича, 2009—2011-йилларда, яъни уч йил Россияда ишлаган. Юртга қайтгач, ишлаб топган пулига машина бозоридан Чортоқ туманида яшовчи фуқаро Солижон Сафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган)дан «Нексия» русумли автомашинани сотиб олган.

Мазкур воқеа 2011 йилнинг 4 майида рўй берган бўлиб, ўшанда автомобиль ўғирланмаган, олиб қочилмаган, қидирувда ёки хатловда бўлмаган, контрабанда орқали республикага олиб келинмаган эди. Ҳар ҳолда, машинани техник кўрикдан ўтказган, моторидаги ва бошқа агрегатларидаги рақамлар, давлат белгилари ўзгартирилмаганини қайд этиб, буни ҳужжат билан тасдиқлаган давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органи, олди-сотди шартномасини тасдиқлаган нотариусга ишонсак, шундай. Бироқ, афсуски, уларга ҳар доим ҳам ишониб бўлмас экан. Воқеалар ривожи шундай хулоса чиқаришимизга мажбур этди.

«Нексия» жиноят қуроли эдими?

Гап шундаки, орадан озгина вақт ўтгач, автомашина жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг қарорига кўра жиноят қуроли деб топилади ва мусодара қилинади. Энг қизиғи, автомобилнинг ўша пайтдаги қонуний эгаси Д.Абдуллаев судга умуман чақирилмайди.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг 2014 йил 10 февралдаги ажримида қуйидагиларни ўқишимиз мумкин (суд ҳужжати таҳрир қилиб берилмоқда):

«…Солижон Сафаров 2008 йилнинг сентябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидан қизил рангли, 1997 йили ишлаб чиқарилган, 550597 двигател рақамли, 009988 кузов рақамли «Нексия» русумли автомашинани сотиб олиб, уни Наманган вилоятига олиб келади. Сўнгра бошқа оқ рангли «Нексия» русумли автомашинанинг кузов ва двигатель рақамларини қўлбола усулда Қорақалпоғистондан олиб келинган «Нексия»нинг агрегат рақамларига ўзгартиради. Табиийки, автомобиль ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиб, яъни қалбакилаштириб, Чортоқ туманида яшовчи бошқа фуқарога сотиб юбориб, Жиноят кодексининг 228-моддаси 1- ва 3-қисмларида назарда тутилган жиноятларни содир этган…»

Тушунганингиздек, жиноят чиндан ҳам содир этилган. Айбдор қонунга мувофиқ тергов ва суд қилинган. Д.Абдуллаевнинг бунга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ. Унинг тушунмагани жиноят ишини суд қилишда, адолатнинг қарор топишида нега судга гувоҳ сифатида чақирилмаганидир. Қолаверса, суд ажримида 50 L 738 CA рақамли қиймати 19 млн. 609 минг сўмга баҳоланган «Нексия» С.Сафаровнинг айбини тасдиқловчи ашёвий далил деб эътироф этилиб, давлат фойдасига мусодара қилиниши қайд этилади. Аммо суд ҳужжатида автомашинанинг жиноятга алоқадорлигидан мутлақо бехабар тарзда сотиб олган Д.Абдуллаев кўрган зарарни қоплаш ҳақида лом-мим дейилмаган.

Баҳсли қарор

Иш ҳужжатлари билан танишиб чиққан Д.Абдуллаев ёрдам сўраб малакали адвокат ва ҳуқуқшуносларга мурожаат қилади. Улар автомашинанинг жиноят воситаси эмас, жиноят қуроли сифатида баҳоланишини баҳсли деб ҳисоблайди. Мурожаатда бу борада, жумладан, шундай дейилади:

«Мен сотиб олган автомобиль сохталаштириш жиноятида ушбу жиноят содир этилишини осонлаштирувчи, енгиллаштирувчи қурол сифатида фойдаланилган эмас. Маълумки, жиноят содир этилишида унинг содир этилишини осонлаштирувчи, енгиллаштирувчи предметлар жиноят қуроли бўлиши мумкин, бироқ юқоридаги ҳолатда автомашинага жиноят қуроли сифатида ҳуқуқий баҳо берилиши нотўғри ва асоссиз.

Бундан ташқари, автомашинанинг идентификацион рақамлари сохталаштирилгани ҳолатларида транспорт воситалари давлат фойдасига мусодара этилиши ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмаган ва назарда тутилмаган. Шу боис суднинг автомашинани давлат фойдасига мусодара қилиш ҳақидаги тўхтами ўз ҳолича бўлиб, ҳуқуқий асосга эга эмас. Шунга мувофиқ суд ажримини автомашинани мусодара қилиш қисмини бекор қилиб, автомашинани тегишли тартибда ДЙХХТ органларида қайтадан рўйхатдан ўтказиш ва қонуний эгасига қайтариш лозим бўлади. Шу масалада менга амалий ёрдам беришларингизни сўрайман».

ЖПКнинг 211-моддасини ислоҳ қилиш фурсати етмадими?

Шу ўринда таъкидлаш керакки, республикамизда жиноят ишлари бўйича суд иш юритувида жиноят қуроли ва предметининг қўлланиши билан боғлиқ кўплаб тушунмовчиликлар, норозиликлар мавжуд. Д.Абдуллаевнинг аризасидагига ўхшаш ҳолатларни яна кўплаб келтириш мумкин. Мақсадимиз юқоридаги ҳолатда адолат қарор топган-топмаганига муносабат билдириш эмас, балки қонунчиликдаги суд амалиёти билан боғлиқ муаммолар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат.

Келинг, шу ўринда жиноят қонунчилигига бир қур кўз ташласак. Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддаси жиноят ишини юритиш тамом бўлгани муносабати билан ашёвий далиллар тўғрисида қабул қилинадиган қарорларга бағишланган. Ушбу модданинг 1-бандида қайд этилишича, жиноят қуроллари, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак ва тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади.

Энди савол: юқоридаги ҳолатда «Нексия» чиндан ҳам жиноят қуроли эдими? Унинг мусодара этилиши машинани қонунда белгиланган тартибда сотиб олган Д.Абдуллаевнинг конституциявий ҳуқуқларини топтамаяптими?

Мазкур масаланинг долзарблиги инобатга олиниб, Олий суд Пленуми томонидан ҳам «Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида» қарор қабул қилинган. Суд амалиётида жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ масалалар келиб чиққани муносабати билан ҳамда судлар томонидан йўл қўйилаётган хатоларни бартараф этиш мақсадида 2012 йил 13 декабрда қабул қилинган ушбу ҳужжатда суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларнинг эътибори ҳар бир жиноят иши бўйича ашёвий далилларга оид жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий риоя этилиши зарурлиги таъкидланиб, нималар ашёвий далил деб эътироф этилиши ҳақида батафсил тушунча берилган. Юқоридаги иш юзасидан жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган меъёрларга нечоғли амал қилгани ҳақида ҳуқуқшунос-экспертлар, соҳа мутасаддилари баҳо бергани маъқул.

Аммо икки оғиз шахсий нуқтаи назаримни баён қилиб ўтмасам бўлмайди. Юқорида ЖПКнинг 211-моддасини қўллаш билан боғлиқ тушунмовчиликлар кўп эканини айтиб ўтдим. Бу фикрни адвокатлар, ҳуқуқшунослар ҳам тасдиқлашади. Назаримда, ушбу моддани қайта кўриб чиқиш фурсати етган. Ўйлайманки, қонунчилик ташаббусига эга органлар бу борада жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўров ўтказиб, вазиятга ойдинлик киритишади ва келажакда бундай кўнгилсизликлар содир этилишининг олди олинади.

ДЙҲХХ ходими нега жавобгарликка тортилмади?

Ариза ва суд иши ҳужжатлари билан танишиб чиққанимдан сўнг бир саволга ҳеч жавоб тополмадим. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (2006 йил 7 март) билан тасдиқланган «Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента) шартномалари нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқлаш Фуқаролик кодекси, «Нотариат тўғрисида»ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Нотариуслар автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлашдан аввал уни бошқа шахсга бериш тақиқланмагани ва хатлаб қўйилмаганини текширади.

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари тасдиқлангунига қадар улар рўйхатга олинган жойдаги ёки битим содир этилган (сотиб олувчининг хоҳишига кўра) жойдаги ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади ва буни амалга оширган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва имзоланган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади.

Д.Абдуллаев ушбу процедураларнинг барчасига амал қилган. Дастлаб Уйчи тумани 2-ТРИБ (МРЭО)га чиқиб, у ерда автомашинани ўз номига расмийлаштираётганида, Наманган вилояти ЙҲХБ ҳузуридаги 2-ТРИБ ходими «Нексия» русумли автомашинанинг двигатель ва кузов рақамларини кўздан кечириб, қонунбузилиш аниқланмаганини тасдиқлаб, ўз имзосини қўйган. Шундан сўнг автомашина Д.Абдуллаев номига расмийлаштирилган.

Бироқ орадан икки йил ўтгач, ДЙҲХХ ходимлари автомашинанинг двигатель ва кузов рақамлари қалбакилаштирилган деган важ билан уни жарима майдончасига олиб кетишади. Д.Абдуллаев автомашинани қайта расмийлаштираётганимда, 2-ТРИБ ходимлари томонидан ҳеч қандай қалбаки ҳолатлар аниқлашмаган эди-ку, дея ёзғирганича қолади.

Мени ажаблантирган нарса шундаки, «Нексия» автомашинасининг идентификация рақамлари қалбакилаштирилган экан, нега унда бу борада жиноят аломатлари йўқлигини тасдиқлаган ДЙҲХХнинг масъул ходимлари жавобгарликка тортилмади? Ҳолбуки, улар зиммасидаги вазифани тўлиқ бажаришганида, бир юртдошимиз шунча овора бўлмасди. Агрегатлар ўзгартирилмаган деб тасдиқлаб бергани учун аслида «Нексия»нинг пулини улардан ундириш керак эди, назаримда. Агар улар ўз имзолари ва берган ҳужжатлари учун жавоб бермай, ҳар сафар сувдан қуруқ чиқиб кетаверишса, бу уларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши учун катта йўл очиб берилганини англатмайдими?

Алданишдан ҳеч ким кафолатланмаган

Д.Абдуллаев аризасида шундай ёзади:
«…Мен умуман жиноят қилмадим. Балки менинг ишончимга кириб, ишончимни суиистеъмол қилиб, машина бозорида изғиб юрадиган ўртакаш-даллолларни ёллаб, алдаб 7000 доллар пулимни олишди. Алданишдан ҳеч ким кафолатланмаган. Айниқса, машина бозорида бунақа учига чиққан фирибгар-муттаҳамлар талайгина. Шунга алданиб, пулга тушиб қолган одамнинг устидан «сен соддасан, шунга алданасан» дейишса, мен уларга қараб: «Сенинг алданиб қолмасликдан кафолатинг борми?» — дегим келади. Ҳар қандай эҳтиёткор одам ҳам бир кун келиб менга ўхшаб алданиб қолиши мумкин-ку, айниқса, машина бозорида».

Бош урилган идоралар

Ушбу суд процессида тараф ҳам эмаслиги туфайли жабрдийда юқори турувчи судга кассация шикояти беришга ҳақли бўлмаган. Адолат истаб юқори суд инстанциялари ва таҳририятимизга ариза билан мурожаат қила олган, холос. Мурожаатда келтирилган важларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш, масаланинг тагига етиш мақсадида уни ваколатли идораларга юборган эдим. 2014 йилнинг 8 июлида Олий суддан Д.Абдуллаевнинг мурожаати юзасидан қуйидаги икки энлик жавоб хати келган:

«Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг 2014 йил 10 февралдаги ажримига асосан Солижон Сафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га нисбатан ЖК 228-моддасининг 1-қисми, 228-моддасининг 3-қисми билан юритилган жиноят иши 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан тугатилган. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди кассация инстанциясининг 2014 йил 13 майдаги ажрими билан суднинг ажрими бекор қилиниб, жиноят иши қўшича тергов юритиш учун қайтарилган…»

Худди шу мурожаат, шунингдек, Наманган вилояти прокуратурасига ҳам юборилиб, унда кўтарилган масала ўрганилиб, ечим топилишида амалий ёрдам сўралган эди. Хатимизга 2014 йилнинг 30 июлида қуйидагича жавоб берилди:

«Фуқаро Д.Абдуллаевга тегишли бўлган «Нексия» русумли 50 L 738 СА давлат рақамли транспорт воситасининг кузов ва двигатель блоки рақамлари ўзгартирилгани ҳолати юзасидан 2013 йил 5 декабрда Чортоқ тумани ИИБ ТБ терговчиси А.Икромов томонидан номаълум шахсга нисбатан ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари даврида мазкур жиноятни Наманган шаҳрида яшовчи С.Сафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) содир этгани аниқланган. Жиноят иши 2014 йилнинг 30 январида Олий Мажлис Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритилган. Мазкур илтимоснома 2014 йил 10 февралда ЖИБ Чортоқ тумани суди томонидан қаноатлантирилган.

ЖИБ Чортоқ тумани судининг мазкур ажримига 2014 йил 5 майда вилоят прокурори томонидан назорат тартибида кассация протести келтирилган.

2014 йил 13 майда мазкур протест қаноатлантирилиб, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг кассация инстанцияси ажримига асосан жиноят иши қўшимча терговга қайтарилган.

Жиноят иши 2014 йил 2 июнда туман ИИБ ТБ терговчиси А.Икромов томонидан иш юритувга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари натижасига кўра ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «в» банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этган С.Сафаров, ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этган Т.Тожихонов, ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми «в» банди, 228-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган Ф.Беғамов, ЖКнинг 209-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган А.Алексеевларга нисбатан Олий Мажлис Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритилди.

Бундан ташқари, фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган Д.Абдуллаевга етказилган 19 млн. 609 минг сўмлик зарарни ундириш тўғрисида ФИБ Янгиқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди».

Суд бўлдими?

Мутасадди идораларнинг жавоб хатларидан сўнг юртдошимизнинг муаммоси ҳал бўлишига ишонган эдим. Вақт ўтиб, ушбу ариза эсимдан ҳам чиқиб кетибди. Қайсидир куни архив ҳужжатларини тартибга келтираётиб, ўша мурожаатга кўзим тушиб қолди. Дилмурод ака билан боғланиб, муаммоси ҳал бўлган-бўлмаганини билгим келди. Афсуски, хатида телефон рақамини ёзмаган экан.

Наманганлик танишларнинг ёрдами билан қариндошининг телефон рақамини топдим. Ўзимни таништириб, аканинг телефон рақамини сўрадим. Жавобни эшитиб, устимдан бир челак муздай сув қуйилгандай бўлди.

Дилмурод Абдуллаев адолатни қарор топтириш учун икки йил югурибди. Гарчи айтарли натижа бўлмаса ҳам, умидини узмай, ҳаракатдан тўхтамабди. Саъй-ҳаракатлари изсиз кетмай, ниҳоят, у кутган кунлар ҳам келибди. Қаерга, кимга ёзган аризаси фойда берганини билмайди, аммо фуқаролик ишлари бўйича судда унинг иши кўриб чиқилиб, Д.Абдуллаевга етказилган 19 млн. 609 минг сўмлик зарарни жавобгардан ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилибди. Аммо…

Аммо икки йилдан ортиқ югур-югур, изтироб оқибатими ёки ҳақиқат қарор топганидан қувониб кетганиданми, у қирқ ёшга ҳам тўлмай дунёдан кўз юмибди. Ортида бўтадай бўзлаб аёли, уч норасида фарзанди қолибди. Айниқса, кенжаси отасининг вафотидан кейин туғилганини эшитиб, бўғзимга нимадир тиқилди. Машинанинг пули-ку суд қарори чиққанидан кейин ҳам роса чўзиб, шунда ҳам бўлиб-бўлиб тўланибди. Бироқ бу ўртада бир одам ҳаёт билан видолашишга улгуради…

Воқеани борича ёздимки, зора бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлсин, қайсидир маънода инсонлар тақдирига дохил бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, хусусан, айрим судьялар Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўраётганда, ҳукм чиқараётганда нафақат далиллар, балки мантиққа ҳам таянишсин, деган умидим бор. Олий суд мутасаддилари ушбу мақолада баён этилган тафсилотлар, билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, суд амалиётидаги мана шундай ҳолатларни танқидий кўз билан ўрганишади ва тизимда мавжуд камчилик ҳамда муаммоларни бартараф этиш, бу жараёнда қонунчилик ташаббуси ваколатидан унумли фойдаланиш пайида бўлишади, деб ўйлайман. Зеро, қонунчиликдаги бўшлиқ жамият учун жиноятчиликдан келадиган зарардан ҳам хатарлироқдир.

“Жамият” газетасидан олинди
(Мақола газетада бироз ўзгаришлар билан чоп этилган)

Манба: Tafsilot.uz

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.