Қўқонда нега бензин қиммат сотиляпти?

Қўқонда нега бензин қиммат сотиляпти?

Аслида хабаримиз танқидий мақола шаклида бўлиши керак эди. Бироқ зарурият тақозоси ила публицистика парчаларидан қўшдик. Хўш, гап нимада ўзи?

Facebook ижтимоий тармоғида О. Қаҳҳоров исмли фойдаланувчи Қўқон шаҳрининг вокзали ёнидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси бензинни ўз баҳосидан 15 фоиз баланд нархда сотаётганлиги ҳақида хабар қилди. Юқорида сиз кўриб турган расм илова қилинган постда ёзилишича, Қўқон шаҳридан 20 км нарига чиқилса, бензинни паст нархда сотиб олиш мумкин, бироқ мазкур АЁҚШда қатъий 3700 сўмдан сотилади.

Мана у нималар ёзган:

“Республикамизнинг жуда кўп шаҳарларида бўламан, Гулистон, Ангрен, Оҳангарон, ҳатто Қўқондан қайси томонга бўлса ҳам 20км чиқсангиз, бензинни ўзининг нархида оласиз, лекин Қўқонда бошқа нарх…

Заправкага кирдим, “20 литр бензин қуйворинг, қанча бўлади?” десам, оператор:

— 74000 сўм.

— Ие, нимага 74000 сўм, инсоф борми?

— Ман билмайман, хўжайин “шунчадан сотасан”, деган.

— Чақиринг хўжайинни.

— Ҳозир йўқ эдилар, ака, ман нима қилай, ҳозир сизга арзон сотсам, ёнимдан тўлашим керак бўлади”.

Бироқ…

Сиз ижтимоий тармоқларда кузатилганидек, дарҳол одамлар тўпланиб вазиятни қоралади, порталга шикоят ёзиш ва бошқа амалий чора-таклифлар берилди, деб ўйладингизми? Афсуски, йўқ. Муҳокамага маҳаллий аҳоли аралашди ва ўз шаҳрининг муаммосини кўтариб чиқиш ўз-ўзини шарманда қилиш билан тенглигини уқтира кетди.

Ажабо, нега бундаймиз? Ўз ҳаққимизни талаб қилишга юз-хотир қиламиз. Бу ердаги ҳолат тушунарли. АЁҚШнинг эгаси ҳам кимнидир яқини: кимгадир қуда, кимгадир тоға, дегандай. Шаҳар кичкина, дунё тор – кесак отсанг, ўзингникига тегади.

Афсуски…

Одамлар ижтимоий тармоқларда кимга қанча пора берганини ҳам яширмай ёзмоқда. Бу ҳам яширилган касалнинг иситмаси, аслида. Бироқ ушбу иситмани нормал ҳол деб қабул қилиб кетаверамизми? Изоҳлардан бирини ўқинг: “… ҳамма нарсанинг шапкаси бор, бундан кейин ҳам бўлади, ҳар қандай иш пул билан битади…”.

Ҳа, айнан шундай. Ҳар қандай иш пул билан битгани учун республикамизнинг ОТМларидан юзлаб талабалар имтиҳондан ғирромлик йўли билан ўтди. Таниш-билишчилик авжга мингани учун қандайдир бир “ҳазрат” ўзининг устидан шикоят ёзган бир фуқарони 2 йилга қамоққа тиқиштирди. Газ портлашидан одамлар, навқирон ёшлар нобуд бўлмоқда, бироқ пул аралашгани учун ҳам асл айбдорлар жазога тортилмаяпти. Биз эса муаммони олиб чиққани андиша қиламиз, кўтариб чиққанни ношукрликда айблаб ундан чексиз исбот талаб қиламиз, ҳақиқатни тан олишни истамаймиз.

Дарвоқе…

Ўтган йилнинг 23 октябрида “Ўзбекнефтгаз” МХК ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга автобензинга ягона нарх белгилаган. Унга кўра АИ-80нинг литри 2800 сўм; АИ-91, 92, 93 3000 сўм ва АИ-95 3300 сўмдан сотилиши шарт. Нархлар ўзбошимчалик билан оширилишига йўл қўйилмайди.

Биз ривожланган давлатларга етишиш йўлида одимлар эканмиз, уларнинг тажрибасини қўллашдан ҳеч тортинмаслигимиз зарур. Биласизми, ўтган йилнинг апрел ойида япониялик мороженое ишлаб чиқарувчилар нархни бир неча центга кўтарганликлари учун истеъмолчилардан узр сўраган. “Пулинг етса ол”, дейиши ҳам мумкин эди (расм ва видеога қаранг).

Sof.uz

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.