Қорақамишда учта машина иштирокида ЙТҲ рўй берди

Қорақамишда учта машина иштирокида ЙТҲ рўй берди

2017 йил 14 октябрь куни соат 17:00 ларда, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Қорақамиш даҳасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Ҳодиса Қорақамиш 2/1 даҳаси Ҳамидхонова кўчасида содир бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, Қорақамиш кўчасидан Ҳамидхонова кўчасига қайрилган “Спарк” 4-сонли автотураргоҳ тугаган жойда “Нексия” билан тўқнашган. Худди шу вақтда 23 ҳамда 24-уйларнинг орасидаги кичик кўчадан чиқиб келган қора рангли “Малибу” ҳам ЙТҲ иштирокчисига айланган. Машиналарнинг ҳолатидан ҳайдовчилар катта тезликда ҳаракатланганини тахмин қилиш мумкин.

“Carzone” мухбирининг аниқлашича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида қурбонлар йўқ. “Спарк” ва “Нексия”нинг кўриниши абгор ҳолатда бўлса-да, учала машинанинг ҳайдовчиси ҳам жабрланмаган.

Мухбиримиз ҳодиса жойига етиб борганда 3 нафар ЙҲХБ ходими ҳодиса жойини ўрганаётган эди. Бирпас туриб улардан бири ҳайдовчиларни экспертизадан ўтказиш учун олиб кетди.

Ҳамидхонова кўчасида “Сазанчик” номли кафелар тармоғининг филиали бор. “Нексия” ҳайдовчиси катта эҳтимол билан шу кафедаги зиёфатдан чиққан бўлиши мумкин.

Ушбу кўча яқинда капитал таъмирланган. Қорақамишликларнинг айтишича, шундан сўнг ҳайдовчиларнинг доимо одамлар билан гавжум бўладиган ушбу кўчада катта тезликда юриши одат тусига кирган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.