Қорайтирилган ойнага тақиқ қўйилгач, жиноятчилик камайди

Қорайтирилган ойнага тақиқ қўйилгач, жиноятчилик камайди

Бу тажриба Чеченистонда синовдан ўтди. Мамлакат раҳбари Рамазон Қодиров автомобиль ойнасини қорайтиришни тақиқлаш йўли билан минтақадаги жиноятчиликнинг олдини олиш мумкинлигига ишонади.

ТАСС агентлиги 2013 йилдан Чеченистонда “қорайтирилган ойнага тўла тақиқ қўйилганини” эслатади. “Биз айтган кундан бошлаб минтақамизда ойна қорайтиришнинг ҳар қандай турига тақиқ ўрнатилди, йўллардаги вазият сезиларли ўзгарди. Қолаверса, шу туфайли жиноятчилик даражаси пасайди. Биз барчамиз ойнаси тўлалигича қорайтирилган автомобиллардан жумладан, махфий жиноятчилар гуруҳи аҳоли орасига кириш, диверсия содир этишда фойдаланган замонларни эслаймиз. Уларни бу имкондан маҳрум қилдик”, деди Рамазон Қодиров.

“Қорайтирилган ойнанинг орқасидан ҳайдовчи кўриши қийинлашади, бу эса йўлда аварияни келтириб чиқаради. Бундай машинада ҳар нимани ва ҳар кимни олиб юриш мумкин. Бир сўз билан айтганда турган-битгани салбийлик, ҳеч қандай фойдали томонини кўрмаяпман. Эс-ҳушли одамларга зим-зиё қора ойнанинг ортига яширишининг ҳожати йўқ”, деб қўшиб қўйди Чеченистон президенти.

Эслатиб ўтамиз: Чеченистон бир неча йиллар мобайнида Россиянинг нотинч минтақаси ҳисобланган. Мамлакат фуқаролар урушини бошдан кечирган, турли гуруҳларнинг қуролли тўқнашуви ва терактлар тез-тез юз бериб турарди.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"